Европа Иттифоқи мамлакатлари Россияга қарши 18-санкциялар пакетини келишиб олди. Бу ҳақда Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас маълум қилди.

Бу пакет ҳозиргача Россияга нисбатан қабул қилинган “энг кескин санкциялар тўплами” бўлади. Унинг доирасида “Шимолий оқим” газ қувурлари, шунингдек, Россия нефтини ташийдиган 105 та “соя флоти” танкери санкциялар рўйхатига киритилади. Чекловлар Ҳиндистонда жойлашган “Роснефть”га қарашли нефтни қайта ишлаш заводига ҳам таъсир кўрсатади.
Европа Иттифоқи Россия нефть нархининг юқори чегарасини пасайтириш бўйича ҳам келишувга эришган. У бир баррел учун 47,6 доллар бўлиши кутилмоқда. Бу чеклов Россия нефтининг Ҳиндистон, Хитой ва Туркия каби давлатларга экспортида қўлланилади. Нарх чегараси илк бор 2022 йилда АҚШ, Канада, Япония ва Буюк Британия билан ҳамкорликда жорий этилган. Унга амал қилмаган компаниялар санкцияга тортилади.
Биз Россиянинг ҳарбий саноатига босимни кучайтирамиз, шунингдек, санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётган Хитой банкларига нисбатан чоралар кўрамиз. Бундан ташқари, дронлар учун ишлатиладиган технологияларнинг экспортини ҳам тўхтатамиз, деган Каллас.
Янги санкциялар пакети доирасида 22 та банк SWIFT халқаро тўлов тизимидан узилади, уларнинг молиявий операцияларига тўлиқ тақиқ жорий этилади. Европа Иттифоқи илк бор санкцияларга бўйсунмасликда айбланган иккита Хитой банки билан транзакцияларни тақиқламоқда.
Изоҳ (0)