Украина президенти Владимир Зеленский Дональд Трамп маъмурияти билан битим тузиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Унга кўра, АҚШ Украина дронларини сотиб олади, Киев эса Америка қуролларини харид қилади. Бу ҳақда Зеленский The New York Post газетасига берган интервьюсида маълумотни тасдиқлаган.

“Зеленскийнинг таъкидлашича, унинг Трамп билан сўнгги музокаралари АҚШ ва Украинага ҳаво технологияларини ўзаро қўллаб-қувватлаш имконини берадиган муҳим келишувга қаратилган. Киев Россия билан уч йиллик можарода замонавий уруш ҳақида ўрганган барча маълумотларини алмашишни таклиф этган”, дея хабар қилинмоқда нашрда.
Украина президенти Россия Федерациясининг стратегик авиациясига тарихдаги энг йирик зарба берган “Ўргимчак тўри” операциясида ишлатилган Украина дронлари ҳақида гапирар экан, дронлар Америка халқи учун зарурлигини билдирган.
“Америка халқига бу технология зарур ва уни ўз арсеналингизда сақлашингиз лозим”, дея таъкидлади Зеленский.
Нашр суҳбатлашган расмийлар ва экспертлар АҚШ технологиялари Россия ва Хитойникидан анча орқада қолаётгани, америкалик ҳарбийлар эса дронлардан фойдаланиш ёки рақиблар ишлаб чиқараётган қурилмалардан ҳимояланишга етарли даражада тайёрланмагани ҳақида огоҳлантирган.
Украина раҳбари дронлар Россиянинг кенг кўламли босқинига қарши туришда асосий восита эканлигини таъкидлаган.
“Менимча, бу ҳақиқатан ҳам улкан битим, айтганларидек, “wин-wин” — ҳамма учун фойдали. Биз бу тажрибани Америка ва бошқа европалик ҳамкорлар билан баҳам кўришга тайёр бўламиз”, дея қўшимча қилган Зеленский.
Унинг қўшимча қилишича, дронларни сотиб олиш ўйича Дания, Норвегия ва Германия билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)