“Барселона” дарвозабони Марк-Андре тер Штеген ёзги трансфер ойнасида клубни тарк этиши мумкин. Бу ҳақда Испаниянинг Diario Sport нашри хабар берди.

Манбага кўра, Туркиянинг “Галатасарой” клуби 33 ёшли германиялик дарвозабон учун тўрт йиллик шартнома таклиф қилган. Таклиф этилган маош миқдори “Барселона”даги даромадидан юқори. Бироқ Истанбул клуби футболчини фақат эркин агент сифатида ўз таркибига қўшиб олишни истамоқда.
Тер Штегеннинг жамоани тарк этиши эҳтимоли юқори, чунки у полшалик дарвозабон Войтцех Шеснининг яхши ўйин кўрсатаётгани фонида “Барселона”нинг иккинчи рақамли посбонига айланган. Бундан ташқари, “кўк-анорранглилар” яқинда Жоан Гарсияни харид қилгани боис, клуб раҳбарияти тер Штегеннинг хизматларига энди эҳтиёж йўқлигини билдирган. Шу сабабли, футболчи бошқа жамоага ўтишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, тер Штеген 2014 йилдан бери “Барселона” сафида тўп сурмоқда. У ўтган мавсумда барча мусобақалар доирасида атиги 9 та ўйинда майдонга тушиб, 11 та гол ўтказиб юборган. Унинг амалдаги шартномаси 2028 йилгача мўлжалланган.
Изоҳ (0)