Тожикистон Ўзбекистон ҳукумати билан электр энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги Битим лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат Роғун гидроэлектр станциясида ишлаб чиқарилган электр энергиясини қўшни Ўзбекистонга етказиб беришни назарда тутади. Бу ҳақда Тожикистон Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборот порталида хабар берилди.

Лойиҳага кўра, етказиб бериш ҳажми ва шартлари “Роғун ГЭС” ОАЖ ва “Ўзэнергоинспекция” АЖ ўртасида алоҳида шартнома билан белгиланади. Электр энергияси учун белгиланган нарх 1 кВт/соат учун 3,4 АҚШ сентини ташкил этади (нол даражали ставка бўйича ҚҚС ҳисобга олинган ҳолда). Нарх ҳар йили 1 фоизга индексация қилинади, бу жараён иккинчи йилдан бошланади.
Электр энергияси икки давлатнинг электр тизими операторлари келишган жадвал асосида, асосан Ўзбекистонда электр танқислиги кузатиладиган соатларда етказиб берилади. Роғун ГЭС қурилиши тугамагунча, энергия фақат вегетацион даврда (1 апрель — 30 сентябрь) етказиб берилади. ГЭС тўлиқ ишга тушганидан кейин эса электр энергияси йил давомида ҳар ойда жўнатилади.
Роғун энергиясини етказиб бериш “Барки Точик” ОАЖ томонидан етказиб берилаётган амалдаги ҳажмлар билан параллел равишда амалга оширилади. Битим юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликларни маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этади.
Шунингдек, томонларнинг ўзаро розилиги билан ўзгартиришлар киритиш имкониятини назарда тутади. Ҳужжат 20 йилга мўлжалланган бўлиб, агар томонлар уни бекор қилиш истагини муддати тугашидан 6 ой олдин билдирмаса, у автоматик тарзда яна 10 йилга узайтирилади.
Изоҳ (0)