Афғонистонда ишлаётган БМТнинг ўнлаб афғон ходималарига ўлим билан таҳдид қилишди. Бу ҳақда ташкилот ҳисоботига таяниб, Al Jazeera хабар берди.

“Толибон” 2021 йилда ҳокимиятга қайтгач, аёлларнинг иш ҳуқуқларини кескин чеклади. Охирги марта ходималар май ойида очиқ таҳдидга учради. “Толибон” бу таҳдидларга жавобгар эмаслигини билдирди ва Ички ишлар вазирлиги тергов олиб борилаётганини таъкидлади. Вазирлик матбуот котиби Абдул Матин Қани эса ҳеч қандай таҳдид бўлмаганини айтди.
Бу мутлақо нотўғри. Уларга ҳеч қандай соҳада таҳдид йўқ, ҳеч ким уларга таҳдид қила олмайди ва уларнинг хавфсизлигига хавф туғдира олмайди, деган у Associated Press ахборот агентлигига берган интервьюсида.
Ҳисоботда қайд этилишича, таҳдидлар БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (UNAMA) ҳамда бошқа агентликлар, фондлар ва дастурлар билан ҳамкорлик қилган номаълум шахслар томонидан амалга оширилган. Бу ҳолат БМТни ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун вақтинчалик чоралар кўришга ундади.
“Толибон” 2022 йил декабрда афғон аёлларига маҳаллий ва хорижий нодавлат ташкилотларда ишлашни тақиқлаган эди. Орадан олти ой ўтиб, бу тақиқ БМТ ходималарига ҳам татбиқ этилди. Кейинчалик, “Толибон” аёлларни ишга қабул қилаётган ташкилот ва гуруҳлар фаолиятини чеклаш билан қўрқитди. БМТ ҳисоботи соҳада фаолият юритаётган афғон аёлларига ўлим таҳдидлари мавжудлигини биринчи марта расман тасдиқлади.
Изоҳ (0)