Голливуд юлдузи Бред Питт оиласида оғир жудолик содир бўлди — актёрнинг онаси Жейн Этта Питт 2025 йил 5 август куни 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда актёрнинг жияни Сидни Питт ижтимоий тармоқларда эълон қилди.

ABC News маълумотига кўра, воқеа фақат бир неча кун ўтгандан кейингина маълум бўлган, чунки марҳуманинг оила аъзолари уни сўнгги йўлга кузатишда фақат яқинлари иштирок этишини истаган.
“Азизим Жейн Этта, бизни тарк этишингизга ҳали тайёр эмас эдик. Агар бувимни таниганингизда эди, унинг қалби нақадар меҳрга тўла эканини дарров тушунган бўлардингиз. У ҳар доим ва ҳаммага чин дилдан ғамхўрлик қиларди. Менга расм чизишни, кучли бўлишни, одамларга юмшоқлик билан муомала қилишни ва майда нарсалардан ҳам қувонч топишни ўргатган”, дея хотирлади Сидни.

Жейн Этта Питт (қизлик фамилияси Ҳиллҳаус) 1940 йил 13 августда туғилган. У Миссурининг Спрингфилд шаҳрида яшаган, касби бўйича ўқитувчи бўлган. Унинг турмуш ўртоғи Уилям Алвин Питт (Билл Питт) юк ташиш компаниясида менежер бўлиб ишлаган. Улар 1962 йилда турмуш қуришган ва уч фарзандни — Бред, Даг ва Жулини вояга етказган.
Бред Питт онасини кўплаб йирик тадбирларга олиб чиққан, жумладан, 1996 йилда “Иблис мулки” (“The Devil’s Own”) премераси, 2012 йилги Оскар мукофотлари маросими ва 2014 йилда “Енгилмас” (“Unbroken”) фильми тақдимотига бирга ташриф буюрган.

Ҳозирча Бред Питт бунга ҳеч қандай изоҳ бермади — актёр сукут сақлаган ҳолда мотам тутмоқда.
Изоҳ (0)