Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонлик содир этганлар психокоррексия дастурларидан ўтказилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 июлдаги қарорида белгиланди.

Ҳужжатда белгиланишича, Ички ишлар вазирлиги 2025 йил 1 ноябрга қадар тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахслар билан якка тартибда ишлаш, электрон ахборот тизимида тузатиш дастуридан ўтувчи шахслар билан амалга оширилаётган тадбирларни умумлаштириш, фаолиятни мониторинг қилиш ҳамда ўзаро ахборот алмашишни назарда тутувчи “Э-ижтимоий профилактика” электрон ахборот тизимининг “Э-тузатиш дастури” модулини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этади.
2025 йил якунига қадар тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсларни тузатиш дастуридан ўтказиш жараёнларига оид маълумотларни рақамлаштириш чоралари кўрилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2025 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳар олти ойда ўзларининг тизимида мавжуд психологлар рўйхатини Ички ишлар вазирлигига тақдим этиб боради. Ички ишлар вазирлиги 2025 йил 1 октябрга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бюджет ташкилотларидаги психолог мутахассисларнинг реестрини шакллантиради.
ИИВ тузатиш дастури доирасида тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсларни психокоррексия дастурларидан ўтказиш жараёнига нодавлат нотижорат ташкилотларни жалб қилиш мақсадида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига давлат ижтимоий буюртмаларини белгиланган тартибда тақдим этиб боради.
Тузатиш дастури ҳақида
Тузатиш дастури — шахснинг зўравонликка мойил хулқ-атворини ўзгартиришда унга руҳий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга ҳамда ижтимоий ҳаётга мослаштиришга қаратилган тарбиявий аҳамиятга эга бўлган тадбирлар мажмуи.
Президентнинг 2024 йил 10 майдаги қарорига мувофиқ ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланиши белгиланган.
2025 йил 1 январдан ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади. Давлат раҳбарининг 2025 йил 3 январдаги қарорига мувофиқ ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига ҳимоя ордерини расмийлаштириш ваколати берилган.
Изоҳ (0)