Лондондаги “Уэмбли” стадионида Усик ва Дюбоа ўртасида реванш жанги бўлиб ўтди. 38 ёшли мағлубиятсиз серия қайд этиб келаётган украиналик боксчи Олександр Усик 27 ёшли британиялик Даниэль Дюбоани бешинчи раундда нокаут эвазига мағлуб этди. Шу тариқа Усик супер оғир вазн тоифасида бокс бўйича мутлақ жаҳон чемпионига айланди.
Усик ва Дюбоа ўртасидаги дастлабки жанг 2023 йил 26 август куни Польшанинг Вроцлав шаҳрида бўлиб ўтганди. Ўшанда украиналик спортчи тўққизинчи раундда рақибини нокаутга учратганди.
Усик профессионал боксда 2013 йилдан бери иштирок этади. Унинг рекордида 24 та ғалаба мавжуд бўлиб, улардан 15 тасини нокаут орқали қўлга киритган ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган. У аввал биринчи оғир вазн тоифасида ҳам мутлақ жаҳон чемпиони бўлган.
Дюбоа эса профессионал боксдаги фаолиятини 2017 йилда бошлаган. Британиялик боксчининг ҳисобида 24 та ғалаба (улардан 21 таси нокаут орқали) ва учта мағлубият мавжуд.
Изоҳ (0)