Трансафғон темирйўли лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш юзасидан уч томонлама битим имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов маълум қилди.

Унинг қайд этишича, ҳужжат 17 июль куни Кобул шаҳрида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари трансафғон масаласидаги илк уч томонлама учрашуви давомида имзоланган.
“Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирларининг биринчи уч томонлама учрашуви ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги тарихий қадам бўлди”, деб ёзди Бахтиёр Саидов.

Вазирнинг билдиришича, Ўзбекистон—Афғонистон—Покистон трансафғон темирйўли бутун Евросиё учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, мазкур лойиҳа савдони кучайтиради, Афғонистоннинг иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлайди ва жанубий портлар орқали жаҳон бозорларига янги йўл очади.
Томонлар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва қурилиш каби соҳаларда ҳамкорликни, Термиз халқаро савдо маркази имкониятларидан фаол фойдаланишни кенгайтиришга келишиб олди.

“Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизматининг билдиришича, мазкур лойиҳанинг глобал миқёсдаги геосиёсий аҳамиятини, шунингдек, трансафғон транспорт йўлагини шакллантиришдаги Ўзбекистон томонидан билдирилган ташаббускорликни инобатга олган ҳолда, ушбу битимнинг имзоланиш маросими Кобул шаҳрида ўтказилди.
Ҳужжатнинг имзоланиши, аввало, лойиҳанинг тезроқ амалга оширилишига, Евросиёнинг ягона транспорт марказини яратишга ҳамда давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг янада чуқурлашишига хизмат қилади.

Изоҳ (0)