Ўзбекистонда 2025/26-ўқув йилидан тўлов-контракт миқдори 10—12 фоиз ошиши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова “Дарё” сўровига кўра бу масалага аниқлик киритди.
-MYuDcGch.avif)
Контракт миқдори ошиши Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бухгалтерия ҳисоби бўлими бошлиғи Қурбонназар Ортиқовнинг журналистинг контрак ҳақидаги саволига жавобан “Бугунги кунда вазирлик томонидан бу масала кўриб чиқилмоқда. Мутахассислар билан келишилган ҳолда, Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда раҳбариятга таклиф тайёрлаш устида иш олиб бориляпти. Қисман ошиши мумкин, миқдори тўғрисида ҳозир бир нарса деёлмаймиз, лекин шу устида таҳлиллар олиб борилди”, дегани акс этган видео тарқалганидан сўнг кенг муҳокама қилинмоқда.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга ойдинлик киритиб шуни таъкидлаймизки, 2025/26-ўқув йили учун олий таълим муассасаларида тўланадиган шартнома (контракт) тўловларининг якуний миқдори ҳали тасдиқланмаган”, деди Назокат Абдуқундузова “Дарё” сўровига жавобан.
Унинг билдиришича, мазкур масала бўйича барча маълумотлар вазирликнинг расмий ахборот каналлари орқали эълон қилинади.
2024 йилнинг июль ойи охирида 2024/25-ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланганди. Контракт миқдори ўтган ўқув йилига нисбатан 15 фоизга ошган. Август ойида эса суперконтракт миқдорлари тасдиқланганди. 2023/24-ўқув йилида тўлов-контракт миқдорлари ундан аввалги ўқув йили учун белгиланган миқдорларда ўзгаришсиз қолганди.
Изоҳ (0)