2027 йил 1 январдан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик қўмитаси ва Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари тугатилади. Бу бўйича президент фармони қабул қилинган.

Фармонда ёзилишича, Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг 90 фоиздан ортиғи банк карталари орқали тўланяпти. Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Пенсия жамғармаси штат бирликлари сони охирги икки йилда 1 940 тага (45 фоиз) қисқартирилди. Келгуси йилда ходимлар сонини яна тўрт баробаргача қисқартириш кўзда тутилган.
Икки ташкилот фаолиятида рақамлаштириш кенг жорий этилгани ҳисобига қуйи бўғинлар ходимлари камайиб боради. Қўмита ва жамғарма ҳудудий бошқармаларида ҳар бир туман ва шаҳарда 1–3 штат бирлигидан иборат ихчам хизмат кўрсатиш офислари очилади.
Фармон асосида 2026 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатда Рақамли ғазна тизими жорий этилади. Тизим сунъий интеллект ёрдамида маълумотларни таҳлил қилади, прогнозлар ишлаб чиқади ва ғазначилик операцияларида инсон омилини камайтиради.
Ўз навбатида чет эл валютасидаги операцияларни рақамлаштирган ҳолда амалга ошириш учун Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимини Бутунжаҳон банклараро молиявий телекоммуникациялар ҳамжамияти (SWIFT) тизимига интеграция қилиш билан шуғулланади.
Рақамли ғазна давлат харидлари ва тўлов операцияларини амалга ошириш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган қонунчилик бузилиши билан боғлиқ молиявий хавфларни автоматик аниқлайди. Бунинг учун “Э-риск” дастурий мажмуаси ёрдам беради. Аниқланган хавфлар асосида огоҳлантириш ҳамда хабардор қилиш механизмини жорий қилинади.
2026 йил 1 декабрдан бошлаб пенсия тизимида фуқароларнинг мавжуд иш стажи ва иш ҳақлари тўғрисидаги электрон маълумотларга асосан пенсия миқдорларини олдиндан аниқлаш бўйича “Менинг пенсиям” онлайн хизмати жорий этилади. Тизим ёрдамида пенсия таъминотига оид барча хизматлар тўлиқ проактив, электрон ҳамда интерактив шаклга ўтказилади.
Изоҳ (0)