Хорижий инвесторлар “Юнусобод” деҳқон бозорига 40 млн доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилди.
Давлат раҳбари ер ўта чекланган шароитда бор инфратузилмани вертикал ўстириш орқали саноат ва савдони ривожлантириш зарурлигини айтди.
“Хусусан, ‘Юнусобод’ деҳқон ва ‘Аҳмад Дониш’ бозорларини қават-қават усулда кенгайтириш учун барча шароит бор. Масалан, 4,8 гектарли ‘Юнусобод’ деҳқон бозори бир қаватли бўлгани учун димиқиб кетган. ‘Алоқабанк’ бу бозорнинг ер остига 2 қават, ер устига 6 қават қилиб қуришга хорижий инвесторлар 40 млн доллар сармоя киритиб, 2,5 минг иш ўрни яратиш таклифини берган.
Бошқа имконият — Юнусободда 16,5 гектарда жойлашган кичик саноат зонасида 91 та бино ва иншоотлар жойлашган. Лекин уларнинг 77 минг квадрат метр бино ва иншоотларини 3-4 қават қилиб қайта қуриш ҳисобига қўшимча 200 минг квадрат метр ҳосил бўлиши мумкин. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми 850 млрд сўмдан 2,5 трлн сўмга, экспорт 24 млн доллардан 80 млн долларга, бюджетга тушум 100 млрд сўмдан 300 млрд сўмга ва иш ўринларини 1,5 мингтадан 4,5 мингтага ошириш мумкин. Агар ақл билан иш қилсак”, — деган президент.
Изоҳ (0)