Ўзбекистонда нуронийлар малакали шифокорлар томонидан бепул даволанади, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.
Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир янги акцияни эълон қилди. 1 августдан 1-сентябргача “Кексалар саломатлиги ойлиги” ташкил этилади. Бу даврда мамлакатдаги нуроний отахон ва онахонлар малакали шифокорлар томонидан ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
Ушбу акция давомида тиббий текширув натижаларига мувофиқ аниқланган касалликлар бўйича давлат кўмагида кексаларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш чоралари кўрилади. Бунинг учун дастлаб тиббий текширувдан ўтказиладиган нуронийлар рўйхати шакллантирилиб, улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилади.
Шундан сўнг акцияга жалб қилинган кекса ёшли инсонлар махсус тиббий бригадалар томонидан профилактик ва чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилади. Тиббий кўриклар якунида:
- ўткир ва сурункали хасталиклар қайд этилган катта ёшли беморлардан бир гуруҳи бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтож қатлам эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади;
- юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор кекса ёшли беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.
Ўз навбатида олис ва чекка ҳамда чегара ҳудудларда сайёр тиббий бригадалар томонидан чуқурлаштирилган текширувлар ўтказилади.
Изоҳ (0)