Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи доирасида “Ширин” массивининг мастер режаси тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, бу маҳалла халқаро аэропорт яқинида Зарафшон дарёси бўйида жойлашган. Ушбу ҳудудда замонавий массив қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун 389 гектар ер ажратилган.
Массивда кўп қаватли уйлар, мактаб ва болалар боғчалари, поликлиникалар, спорт майдонлари ва кўнгилочар масканлар бўлади. Йирик бизнес ва савдо мажмуалари иқтисодиёт ривожига, иш ўринлари кўпайишига қўшимча импулс беради. Массивни шаҳар билан боғловчи кўприк ва йўллар, инфратузилма ва коммуникация тармоқлари барпо этилади.
Давлат раҳбари лойиҳани илғор шаҳарсозлик тажрибаси асосида такомиллаштириш, ижтимоий хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.