Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри яқинида мамлакатда ноқонуний бўлган Далержон исмли Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Бироқ Россия расмийлари уни уйига жўнатиш ўрнига, Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашишини истамоқда. Бу ҳақда Россиянинг “Холод” нашри маълум қилди.
Май ойи бошида уни йўл ҳаракати полицияси ходимлари тўхтатган. Бироқ 30 ёшли тожикистонлик эркакнинг ёнида ҳеч қандай ҳужжати, яъни Россияда қолишга рухсатномаси бўлмаган. Унга 3000 рубль миқдорида жарима белгиланган ва уни Россиядан депортация қилишга қарор қилинган.
У 25 кун вақтинчалик ҳибсхонада сақланган, кейин у қандайдир ҳужжат имзолашга мажбур қилинган. Орадан маълум вақт ўтгач, ҳибсхонага ҳарбий комиссарлик ходимлари етиб келган.
30 май куни Далержон ва бошқа хорижликлар ҳарбий қисмга чақирилган, у ерда уларнинг паспортларини олиб қолишган.
“Мен урушга боришни хоҳламайман ва уларга уйга қайтишимни айтдим”, — деди у журналистларга.
Тожикистон фуқаросига кўра, бошқа хорижликлар ҳарбий ишларни ўрганишга ва ўқ отиш майдончасига боришга мажбур. Аммо Далержон бундай қилишни рад этган.
Шунингдек, у барча уринишларга қарамай Тожикистон элчихонаси ва консуллиги билан боғлана олмаганини билдирган. Бу Россия расмийларининг Марказий Осиё давлатлари фуқароларини Украинага қарши урушга жалб этиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.
Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ҳам урушга Марказий Осиёдан келган фуқароларни юборишни таклиф қилганди.