Украина армияси аннексия қилинган Қримни яқин келажакда Россия қўшинларидан қайтариб олиши даргумон. Бундай фикр АҚШ Мудофаа вазирлигининг тўрт нафар юқори лавозимли амалдори томонидан Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар қўмитасида ўтказилган ёпиқ брифингда айтиб ўтилган.
Politico нашрининг учрашув мазмунидан хабардор уч манбаси нимага асосланиб бундай баҳо берилганини очиқ айтмади. Уларнинг сўзларига кўра, Пентагон Украинанинг яриморолдан рус қўшинларини сиқиб чиқариш имконияти борлигига ёки яқин орада бўлишига ишонмайди. Нашр суҳбатдошлари йиғилишда сўзга чиққанлар буни аниқ қилиб кўрсатганини таъкидлади.
Politicoънинг тўртинчи манбаси брифинг мазмунини “икки томонлама” деб атади. Хулоса шуки, Украина Қримни қайтариш бўйича операция ўтказишга қарор қилса, ўз муваффақиятини кафолатлай олмайди, деди манба.
Пентагон бу хабарга изоҳ беришдан бош тортди. “Украинанинг қарши курашиш ва суверен ҳудудини қайтариб олиш қобилияти нуқтаи назаридан, уларнинг Россия агрессиясини қайтаришдаги юқори кўрсаткичлари ва жанг майдонидаги мослашувчанлиги ўзи ҳақида ўзи гапирмоқда”, — деди Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх.
Украина расмийлари Россия билан уруш фақатгина рус қўшинлари босиб олинган барча ҳудудлардан, жумладан, 2014 йилда аннексия қилинган Қримдан олиб чиқиб кетилгандан кейингина тугашини бир неча бор таъкидлаган. Украина ҳукумати вакиллари Қримни қайтариш бўйича эҳтимолий ҳарбий операция ҳақида мунтазам гапириб келади.
АҚШ Қримни Украина ҳудуди деб билади. Шу билан бирга, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг Вашингтон Киевга яриморолдаги нишонларга зарба бера оладиган воситаларни тақдим этишдан бош тортди. Аммо январь ойида The New York Times газетаси АҚШ президенти маъмурияти бу масала бўйича ўз позициясини аста-секин юмшатиб бораётгани ҳақида хабар берди. Reuters хабарига кўра, Вашингтон Киевга ҳарбий ёрдамнинг янги пакетини тайёрламоқда, ундан 150 километр масофага учадиган GLSBD ракеталари ҳам жой олади.