Ўзбекистонда 2022 йилда трамвай транспортида қарийб 3 миллион йўловчи ташилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, бу кўрсаткич 2021 йил билан солиштирилганда 654,3 мингга ошган.
Маълумот учун, ҳозирда фақатгина Самарқанд вилоятида трамвайдан жамоат транспорти сифатида фойдаланилади.
Тошкент трамвайи
Шавкат Мирзиёев 2022 йил 19 январь куни Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишганди. “Менимча” кўрсатувида транспорт вазирининг тақдимоти президентга маъқул бўлмагани ҳақида сўз борган. Айнан ушбу кўрсатувда тележурналист Хайрулла Нуриддинов Тошкентга трамвай қатновини қайтариш тарафдори эканини айтиб ўтган эди. Давлат раҳбари 10 февраль куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида фуқаролар мурожаати сабаб трамвайни Тошкентга қайтаришни айтиб ўтганди. “Трамвайни Тошкентга ҳам қайтармоқчимиз. Фуқаролардан бу борада кўплаб хатлар ва мурожаатлар келяпти”, — деган эди президент.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов 16 февраль куни пойтахт ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Навоий кўчасида трамвай бўлмаслигини айтган эди. Транспорт бошқарма бошлиғи Анвар Жўраев эса трамвай бўйича таклифлар борлигини билдирганди.
Шунингдек, Беларусь Тошкентда трамвайни қайта тиклаш лойиҳасида иштирок этишни режалаштираётгани маълум бўлган.