АҚШ Федерал захира тизими (Fed) базавий ставкасини 0,25 фоизга оширди. Энди ставка оралиғи йилига 4,5 фоиздан 4,75 фоизгача шаклланади. Бу ҳақда Fed баёнотидан маълум бўлди.
Fed маълумотларига кўра, бу 2007 йилдан бери энг юқори базавий ставкадир.
Баёнотда айтилишича, мамлакатда харажатлар ва ишлаб чиқаришнинг, шунингдек, иш ўринларининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. Ишсизлик даражаси пастлигича қолмоқда.
Ҳисоботда Украинадаги уруш “глобал ноаниқлик”, жумладан, иқтисодиётда ҳам кескинликка олиб келгани қайд этилган.
Бу 2022 йил мартидан бери АҚШда асосий ставканинг саккизинчи ўсишидир. Ставка охирги марта 2022 йил декабрь ойида 0,5 фоизга кўтарилганди.
Март ойидан бери бу кўрсаткич жами 4,5 фоизга ошди. Бунгача асосий ставка 2018 йилдан бери оширилмаганди.
2022 йил декабрь ойида АҚШда нархларнинг ўсиши 7,1 фоиздан 6,5 фоизгача секинлашди. Асосий инфляция (озиқ-овқат ва энергия нархларидан ташқари) ноябрь ойидаги 6 фоизга нисбатан худди шу ойда 5,7 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, инфляция 2 фоизлик мақсадли кўрсаткичдан юқорилигича қолмоқда.