АҚШ ҳукумати учинчи давлатларга Америкада ишлаб чиқарилган Ф-16 қирувчи самолётларини Украинага топширишга рухсат бериши мумкин, деб ёзмоқда The New York Times. Вашингтоннинг ўзи қирувчиларни жўнатиши даргумон, деди Пентагондаги юқори лавозимли амалдор Politico нашрига.
Катта эҳтимол билан Украина Дания ёки Нидерландиядан Ф-16 қирувчиларини олади, дейди The New York Times газетасининг Европа ва Америка расмийлари орасидан аноним суҳбатдошлари. Уларнинг айтишича, хусусан, Нидерландия ихтиёрида 40 га яқин Ф-16 самолётлари мавжуд. Дания эса замонавийроқ Ф-35 қирувчиларига ўтмоқда ва Ф-16 ларини Украинага топширишга тайёрлигини билдирган.
“Бу ҳақда гапираётган бошқа давлатлар ҳам бор. Улар таклиф билан чиқсагина, биз музокаралар олиб борамиз, деб ўйлайман”, — деди АҚШ Мудофаа вазирлигидаги Politico манбаси. Унинг таъкидлашича, Пентагон самолётлар етказиб берилишига эътироз билдирмайди, аксинча “буни устувор қўйишда давом этади”.
Ҳозир АҚШ расмийлари Украинага шаҳарлар ва инфратузилма ҳимояси учун ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини, шунингдек, кутилаётган баҳорги ҳужум учун зирҳли техника ва артиллерия юборишга кўпроқ эътибор қаратмоқда, деб ёзади газета. Киевга қирувчилар юборилиши “қанотли ракеталар муаммосини ҳал қилмайди, улар дронлар муаммосини ҳал қилмайди”, деди ҳарбий амалдор. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча Ф-16 қирувчиларини етказиб бериш юқори даражада муҳокама қилинмаган.
Украина ҳукумати АҚШ, Германия ва бошқа давлатлар Ғарб танкларини Киевга беришга рози бўлганидан кейин Ғарбдан қирувчилар олишга ҳам уринишни бошлади.
Январь ойи охирида Оқ уйдаги матбуот брифингида АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон Киевга Ф-16 қирувчиларини етказиб берадими, деган саволга “йўқ” деб жавоб қайтарганди.
Украина Мудофаа вазирлиги раҳбари Алексий Резников Байденнинг сўзига шундай фикр билдирди: “Барча турдаги ёрдам аввал ъйўқъ деган босқичдан ўтди. Иккинчи босқич — ътехник имкониятларни муҳокама қиламиз ва ўрганамизъ, учинчиси — “қани, экипажингизни тайёрланғ, тўртинчиси эса — етказиб бериш бўлди”.