Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида “Ўзбекистон бўйича кокус” ҳамраислари ва аъзолари, конгрессменлар Трент Kelli (Миссисипи), Висенте Гонсалес (Техас) ва Дон Bekoн (Небраска) билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Қайд этилишича, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш, сиёсий, савдо, сармоявий, академик, маданий-гуманитар соҳаларда икки давлат даражасида ҳамда Миссисипи, Техас ва Небраска штатлари билан мулоқотни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашув аввалида АҚШ конгрессменлари Ўзбекистонга ташрифларини эслаб, 2023 йилда АҚШ Конгрессининг янги сайланган аъзолари билан бирга мамлакатга боришга тайёр эканини билдирган. “Ўзбекистонга ташрифим мен борган мамлакатлар орасида энг яхшиси бўлди ва Ўзбекистон миллий таомлари, архитектураси ҳамда тарихи ҳақида жуда яхши хотираларим бор”, — деди Дон Bekoн.
АҚШ қонунчилари бу йил “Ўзбекистон бўйича кокус” аъзолари сони янги сайланган конгрессменлар ҳисобига кўпайишини маълум қилган. “Биз ушбу гуруҳнинг ҳамраислари бўлганимиз учун Конгрессдаги янги дўстларимиз билан учрашганда уларни ушбу Кокусга қўшилишга таклиф қиламиз”, — деган Трент Kelli.
Учрашув чоғида “Ўзбекистон бўйича кокус” раҳбарлари республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, АҚШ билан стратегик ва иқтисодий шериклик даражада кенгаяётганини эътироф этган. Мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватловчи махсус резолюция, шунингдек, республикага нисбатан “Жексон-Веник” қўшимчаларини қўллашни тугатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича Конгрессга таклифлар киритишга тайёр эканини билдирган.
“Ўзбекистон бўйича кокус” ҳамраислари ва аъзолари Трент Kelli, Висенте Гонсалес ва Дон Bekoн билан музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, 2023 йилга мўлжалланган тадбирларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.