Ижтимоий тармоқларда фуқаролар қадоғида «Р/500» ёзуви бўлган «Парацетамол» таблеткасини қабул қилишдан сақланишлари, чунки ушбу дори таркибида вирус мавжудлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай хабарлар асоссиз эканлигини маълум қилди.
Вазирлик мазкур маълумотлар ҳақиқатга зид эканлигини таъкидлаш баробарида, фуқаролардан ҳар бир дори воситаси, хусусан, «Парацетамол» таблеткасини ҳам шифокор тавсияси асосида, тегишли кўрсатма бўлгандагина қабул қилиш лозимлигини эслатиб ўтган.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳам бу борада муносабат билдирди.
Агентлик матбуот хизматининг қайд этишича, «Парацетамол 500 мг» дори воситаси таркибида «Мачупо» деб аталувчи вирус мавжудлиги ҳақидаги хабарлар 2021 йилда ҳам тарқалган. Ўшанда агентлик буни рад этиб, айнан шу мазмундаги хабарлар илк марта анголаликлар томонидан 2015 йилда ўйлаб топилганини, кейинчалик бошқа тилларга таржима қилиниб, уйдирма жуда тез оммалашиб кетганини маълум қилган.
Шунингдек, «Парацетамол 500 мг» дори воситаси аккредитациядан ўтган сертификатлаштириш органлари томонидан тегишли лаборатория синовларидан ўтказилиб, мувофиқлик сертификатига эга бўлган маҳсулот эканлиги ва бу дори воситасининг сифати борасида хавотирга тушмаслик кераклиги билдирилган.
Изоҳ (0)