Қўшничилик алоқаларини кучайтириш ва ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш Шавкат Мирзиёев томонидан ташқи сиёсатдаги асосий устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу ҳақда 18 ноябрь куни бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё конференциясида Тараққиёт стратегияси маркази ижрочи директори Элдор Туляков айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Элдор Туляковнинг айтишича, ҳозирда Европа Иттифоқи кўмаги асосида Марказий Осиё минтақасидаги имкониятларни янги босқичга олиб чиқиш масаласи кўрилмоқда.
Марказий Осиёда катта-катта ислоҳотларни амалга ошириш учун, албатта инвестиция, яхши тажриба керак. Бу эса Европа мамлакатларида бор. Бугунги тадбирда жаҳоннинг нуфузли ташкилотлари, банклари иштирок этмоқда. Бу эса қўйилаётган мақсадларни молиялаштиришга тайёр бўлган ташкилотлар борлигини, ушбу масалалар қоғозда қолиб кетмаслигини англатади. Буни конференция иштирокчилар ҳам таъкидламоқда, — дейди Тараққиёт стратегияси директори.Унинг қайд этишича, охирги 10 йилда Европа Иттифоқи Марказий Осиёга 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ киритган. Бу рақам умумий инвестициялар ҳажмининг 40 фоизини ташкил этади. Европа Иттифоқи Марказий Осиёда энг катта инвестор мамлакат сифатида кўрилмоқда.
«Айни дамдаги вазифа турли коридорларни кенгайтириш ва улардан фойдаланишни йўлга қўйиш ҳисобланади», — деб қўшимча қилди у.
Изоҳ (0)