«Титаник» фильмининг суратга олиш майдончасидаги биринчи учрашувидан 25 йилдан кўпроқ вақт ўтди, аммо бу икки дўст ҳали ҳам бир-бирига бўлган илиқ муносабатларини сақлаб қолган.
Леонардо Ди Каприо ва Кейт Уинслет илк бор 1996 йилда Жеймс Кемероннинг «Титаник» фильмининг суратга олиш майдончасида танишган. Улар кинодаги энг ажойиб жуфтликлардан бирини ўйнаб, ҳаётда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб, йиллар давомида суратга олиш майдончасида туғилган дўстликни ҳозиргача асраб келишди.
1998 йилда берган интервьюсида Уинслетдан Ди Каприо унинг ҳамкасби бўлиш қандай бўлишини сўрашади. Ўшанда ҳам Лео Голливуднинг келишган актёрларидан бири ҳисобланарди. «Ҳа, жуда ғалати бўлган. Шу сабабли ишлаш қийин бўлса керак, мен ҳам унинг мухлисларидан бириман-ку, деб ўйлагандим», — дейди Уинслет очиқчасига. Бироқ унинг сўзларига кўра, ҳаммаси яхши бўлган — Кейт ҳам, Лео ҳам тезда тил топишади, бир-бирларини жуда яхши тушуниб, доимо ҳазиллашишарди.
Жамоадаги илиқ ва дўстона муҳитга қарамай, «Титаник»нинг суратга олиниши бутун ишчи гуруҳ учун ажойиб синов бўлди: баъзан чидаб бўлмас шароитлардаги етти ойлик машаққатли иш ёш актёрларнинг кучини синаб кўрганди гўё. Улар синовдан ўтишди, бу қийинчиликлар эса дўстликни янада мустаҳкамлади.
«Ўртамизда жуда кучли ришталар бор, барча дўстларим менга ҳавас қилади. Бошқалар учун у машҳур актёр бўлса-да, мен учун у шунчаки қадрдоним тентак Лео», — деб тушунтиради Уинслет актёрлар ўртасидаги романтик муносабатлар ҳақидаги саволга жавоб бериб. «Биз қисмлари бир-бирининг ишини қўллаб-қувватлайдиган бир бутун механизмга ўхшаймиз», — дейди Лео уларнинг муносабатлари ҳақидаги Кейтнинг сўзларига қўшимча қилган ҳолда.
1998 йилда «Титаник» «Оскар» ва «Олтин глобус» мукофотларига номзод бўлган. Синфлараро севги ҳақидаги фильм премьерасидан бир йил ўтиб, Уинслет ва Ди Каприо ҳақиқий юлдузларга айланди. Энди улар «А» тоифасидаги машҳур шахслар бўлиб, бутун дунё бўйлаб папарацци ва журналистларнинг эътибори Лео ва Кейт жуфтлигига қаратилди. Албатта, ҳар қандай фильм мисли кўрилмаган муваффақиятга эришганида, бутун дунё актёрларнинг романтикаси ҳақида гапира бошлайди. Мухлислар назарида фильмлардаги романтика ҳаётдаги романтикани ҳам англатади. Айниқса, уларнинг қизил гиламдаги биргаликдаги чиқишлари гўёки бунинг исботи эди. Бироқ Ди Каприо ва Уинслетнинг «Олтин глобус»да пайдо бўлиши ҳаммасини ўз ўрнига қўйди — Лео журналистларга Кейт билан у қадрдон дўстлар эканликларини уқтириб қўйди.
Таниқли жуфтлик 2008 йилда, Кейтнинг ўша пайтдаги эри Сем Мендес иккаласини «Ўзгариш йўли» драматик фильмида бош ролларни ўйнашга таклиф қилганида яна биргаликда рол ўйнашди. Уинслет ва Ди Каприо яна мураккаб тақдирга эга севишганлар ролини ўйнаши керак эди. «Бирга ишлашни яхши кўрамиз. Биз учун бу табиий ҳол. Мен уни яхши кўраман, у менинг энг яқин дўстим», — дейди Ди Каприо узоқ йиллик ҳамкасби ҳақида.
Албатта, бундай актёрларнинг рол ижро этиши фильм муваффақиятини таъминлайди. Уларнинг афишалардаги исмлари кинотеатрлардаги навбатларни ва мўмайгина даромадни, шу жумладан мукофотлар кетма-кетлигини кафолатлайди. Бунинг устига «Оскар» мукофотига сазовор бўлган иккала актёр ҳам бирга ишлашни яхши кўришларини тан олиб турса.
Иккаласи ҳам «Ўзгариш йўли» фильмидаги ижроси учун «Олтин глобус» мукофотига номзод бўлган. Мукофот топшириш маросимида Кейт дўстига бўлган муносабатини тан олиш имкониятини қўлдан бой бермади:
Лео, мен шу ерда туриб, сени қанчалик яхши кўришимни айта олганимдан жуда хурсандман. Мен сени чин дилдан севаман.Ди Каприо эса залдан туриб ўзининг севимли дўстига ҳаводан ўпич юборади, афтидан, Кейт каби у кўз ёшларини зўрға ушлаб турарди.
2012 йилда Кейт Уинслет миллионер Нед Рокнроллга яширинча турмушга чиқади. Маросим шу қадар яширин эдики, ҳатто янги турмуш қурганларнинг ота-оналари ҳам тўйга таклиф қилинмайди, лекин Кейтнинг қадрдон дўсти Лео шу ерда эди, у 37 ёшли Уинслетни меҳробга ўзи олиб боради.
88-Оскар мукофотини топшириш маросимида улар яна бирга пайдо бўлишди – Уинслет «Стив Жобс» фильмидаги роли учун «Энг яхши иккинчи пландаги актриса» номинациясига номзод бўлди, Ди Каприо эса «Ҳаёт-мамот» фильми учун энг яхши актёр сифатида мукофот олишга ҳозирлик кўраётган эди. Улар қизил гиламда бирга суратга тушишди ва журналистларга яна бир-бирлари ҳақида гапириб беришди. «Лео — менинг энг яқин дўстим, унинг ғалаба қозонишини хоҳлайман, уни доим қўллаб-қувватлайман» деган Кейт. Ди Каприо ниҳоят орзу қилган «Оскар»ини қўлга киритиб, миннатдорлик сўзи билан саҳнага чиққанида, Уинслетнинг хурсандчиликдан йиғлаётгани видеокамераларга муҳрланади. Дунё дарҳол унинг реакциясини энг самимий деб баҳолайди.
Леонинг ғалабаси иккисининг ҳам ғалабаси бўлди: Уинслет ғалабанинг ҳар бир дақиқасини у билан баҳам кўрди. Ахир, дўстлар бир-бирини ҳар қандай вазиятда ҳам қўллаб-қувватлайди — совуқ ва шафқатсиз океанга ўхшаган ҳовуздаги кўп соатлик суратга олиш ишларида ҳам, «Оскар»даги ғалаба нутқида ҳам.
Голливуд юлдузи Кейт Уинслет 47 ёшда: актриса ҳақидаги қизиқарли фактлар