Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистоннинг 25 нафар давлат ва хусусий сектор вакиллари Франция ва Эстонияга ўқув сафарида электрон навбатларни бошқариш тизимини (e-QMS) жорий этиш бўйича тажрибаларини ўрганди. Бу ҳақда Халқаро савдо маркази хабар бермоқда

Фото: Bloomberg

Фото: Bloomberg

e-QMS анъанавий жисмоний навбатларга рақамли ечимларни тақдим этади, чегара ва транспорт терминалларида трафикни оптималлаштиришга ёрдам беради. 

Бундан ташқари у кутиш вақтини қисқартиради ва транспорт оқимларини соддалаштиради. Тизим узоқ вақтдан бери Европанинг бир қанча давлатларида қўлланилмоқда. 

Бу маҳаллий корхоналар учун пул ва вақтни тежашда самарали эканлигини исботлади, чунки тизим экспорт операцияларини яхшироқ режалаштириш имконини беради.

Божхонадаги кечикишлар Марказий Осиё минтақаси ва Европа Иттифоқи билан савдо қилишдаги асосий тўсиқлардан бири ҳисобланади. 

Халқаро Савдо Маркази (ITC) томонидан яқинда ўтказилган сўровда барча респондентларнинг 75 фоиздан ортиғи чегарадан ўтиш пунктларида узоқ навбатлар ва кечикишларни қайд этган. 

Эстония ва Францияда қўлланиладиган электрон e-QMS каби тизимни жорий этиш ушбу тўсиқларни бартараф этишга ёрдам беради. Икки давлат ҳам ҳукумат, ҳам хусусий сектор даражасида e-QMS’ни муваффақиятли жорий этишнинг яхши намунасидир. 

Эстония ҳукумати бозорда мавжуд бўлган e-QMS ечимларидан бирини яратди ва уни чегарада амалга оширди. Францияда хусусий сектор логистика омборларида бизнес операцияларини соддалаштириш учун электрон SMS’дан муваффақиятли фойдаланмоқда.

Ўқув сафари 2022 йил 5—10 сентябрь кунлари бўлиб ўтди ҳамда савдо, божхона ва логистика масалалари билан шуғулланувчи Марказий Осиё экспертларига Франция ва Эстониядаги ҳамкасбларидан ўрганиш имконини берди. 

Саёҳат Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган Ready4Trade Марказий Осиё лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Европа Иттифоқи тажрибаси халқаро савдони бошқаришни рақамли ечимлар ёрдамида қандай соддалаштириш мумкинлигига мисолдир, — деди Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги делегациясининг дастур менежери Ёури Скаскевич. 

Лойиҳа ҳақида

Ready4Trade Central Asia – Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган тўрт йиллик лойиҳа ҳисобланади. 

Лойиҳа Халқаро савдо маркази томонидан миллий ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилиб, мамлакатларда минтақалараро ва халқаро савдони кучайтириш орқали Марказий Осиёнинг умумий барқарор ва инклюзив иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишга мўлжалланган. 

Ready4Trade Central Asia лойиҳасининг бенефициарлари қаторига ҳукуматлар, кичик ва ўрта корхоналар, хусусан, аёллар бошчилигидаги корхоналар ва бизнесни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар киради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар