Шавкат Мирзиёев қиролича Елизавета II вафоти муносабати билан унинг ўғли — Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги қироли Чарльз III га ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
«Ул зот 70 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакат яхлитлиги ва жадал ривожланишининг рамзи бўлиб келган, Қиролликнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатда етакчи давлатлардан бирига айланишига, унинг халқаро майдондаги обрў ва эътиборини ҳар томонлама оширишга беқиёс ҳисса қўшган буюк давлат арбоби эди», — дейилади давлат раҳбарининг таъзияномасида.
Президент ушбу мусибатли дамларда қиролга, оиласининг барча аъзоларига ва бутун Буюк Британия халқига таскин сўзларини билдирди ҳамда сабр-тоқат ва бардамлик тилаган.
Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябрь куни Шотландиядаги Balmoral қасрида 96 ёшида вафот этди. Унинг ўғли, 73 ёшли шаҳзода Чарльз автоматик тарзда қиролга айланди ва ўзига Чарльз III номини олди.