Таниқли турк актрисаси Фаҳрие Эвжен «Алп Арслон: Буюк салжуқий» тарихий сериалининг иккинчи мавсумида иштирок этмайди, деб ёзади «Киноафиша».
2021 йилнинг ноябрь ойида Туркиянинг TRT1 телеканали сюжети мамлакатнинг машҳур ҳукмдорларидан бири Алп Арслонга бағишланган сериални оммага тақдим этди. Машҳур лойиҳада бош ролларни Бариш Ардуч ва Фаҳрие Эвжен ижро этди. Сериалнинг ўзи дарҳол мамлакат телевидениеси рейтингида етакчи ўринни эгаллади. Натижада канал раҳбарияти лойиҳани давом эттиришга қарор қилди ва 2022 йилнинг кузида сериалнинг давоми намойиш этилиши режалаштирилган эди. Бироқ бош қаҳрамонлардан бирининг ижрочиси — Эвженнинг лойиҳада иштирок эта олмаслиги маълум бўлди.
Журналист Бирсен Алтунташнинг сўзларига кўра, актриса билан имзоланган шартномага кўра, у лойиҳанинг атиги 27 та эпизодида суратга тушиши керак бўлган. Шунинг учун ҳам у кейинги кадрларда кўриниш бермайди. Шартнома муддатининг узайтирилиши ҳақидаги барча миш-мишлар эса ҳақиқатга зид.
Эвженнинг ўзи ҳозирча вазиятга расман изоҳ бермади. Интернет фойдаланувчилари таъкидлаганидек, сериалнинг давомида актрисанинг иштирок этмаслиги «Муҳташам юз йил»нинг учинчи мавсум ўрталарида Марям Узерлининг тўсатдан кетишини эслатади. У нафақат мухлисларни, балки лойиҳа продюсерларини ҳам ҳайратга солиб, суратга олиш майдонини тарк этган.