Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўлдириб кетилган чемпион йигит Элбек Раҳимов ўлимида айбланган 26 нафар судланувчига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят суди ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Тилавов хабар берди.
Қайд этилишича, судланувчиларга бугун 2022 йил 5 май куни ҳукм ўқилган.
«Судланувчиларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида туғилган бўлиб, уларнинг уч нафари вояга етмаган шахс, уч нафари эса ички ишлар органларининг собиқ ходимлари ҳисобланади. Судланувчилар Жиноят кодексининг 97 (қасддан одам ўлдириш), 109 (қасддан баданга енгил шикаст етказиш), 111 (эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш), 127 (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш), 137 (одам ўғирлаш), 169 (ўғрилик), 277 (безорилик) 28,137 (одам ўғирлаш), 28,211 (пора бериш), 210 (пора олиш), 230 (айбсиз кишини жавобгарликка тортиш), 241-1 (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган», — дейилади вилоят суди ахборот хизмати тарқатган маълумотда.Суд ҳукмига кўра, судланувчиларнинг 19 нафарига 3 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, 1 нафарига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, вояга етмаган шахсларга 5 йил 6 ойдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ички ишлар органларининг собиқ ходимларига 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 11 нафар судланувчидан солидар тартибда 10 миллион 800 минг сўм миқдорида моддий зарар ва 150 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши белгиланган.
Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилган.
Эслатиб ўтамиз, спорт устаси Элбек Раҳимов 2021 йил 17 август куни соат 09:45 да кўп қаватли уйдаги хонадони олдида бир гуруҳ шахслар томонидан ўлдириб кетилган. «Йигитни аввалига роса дўппослашган. Сўнгра пичоқлаб, яримжон ҳолатда машинага тиқиб олиб кетишган. Марҳумнинг жасади Чироқчи туманининг Еттитом қишлоғидан топилган», — деган «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган манба.