Шавкат Мирзиёев 5 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида келгуси ҳафтада тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича махсус қарорни имзолашини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
Унга кўра, тез тиббий ёрдам ва шошилинч хизмат ходимлари ойликлари, тоифасига қараб, 10 фоиздан 15 фоизгача оширилади. Тез тиббий ёрдамнинг малакали ва натижага эришган ходимлари ойлигига 100 фоизгача устама жорий қилинади.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳар йили 1 минг кишига нисбатан чақирувлар сони 352 тани ташкил этади. Бу ривожланган давлатлардан 6-7 баравар кўп ҳисобланади. Чақирувларнинг 15 фоизидагина беморларни шифохоналарга ётқизиш талаб этилади. Сабаби жойларда оддий тиббий хизмат йўлга қўйилмагани учун аҳоли тез ёрдамга мурожаат қилишга мажбур.
Очиқ мулоқотда берилган 1 мингдан зиёд маҳаллада тиббиёт пунктини ташкил қилиш топшириғи Қорақалпоғистон, Наманган ва Сурхондарёдан бошқа ҳудудларда якунига етказилмаган.
«Вилоят ҳокимлари бир нарсани аниқ эшитиб олсин. Май ойи якуни билан барча маҳалла тиббиёт пунктлари тўлиқ ишга туширилиши шарт», — деган президент.
Мавзуга доир:
- Шавкат Мирзиёев беморга шошилинч ёрдам энг яқин тиббиёт муассасасида эмас, балки олдиндан бириктирилган саноқли шифохоналарда кўрсатилишини танқид қилди
- «Бемор сарсон, шифокорлар эса қўшимча қоғозбозлик билан овора» — Шавкат Мирзиёев
- Ўзбекистонда 2021 йилда тез ёрдам кечикиши бўйича вилоятлардан 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган