Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги меҳмонхона кимошди савдосига қўйилди. Лот маълумотлари «E-auksion» порталида эълон қилинган.
Жараён икки босқичдан иборат — аввал ариза берувчилар танланади, сўнгра тижорат таклифлари баҳоланади. Потенциал харидорлар меҳмонхонани ривожлантириш бўйича бизнес концепциясини тақдим этишлари керак.
Лот изоҳида ёзилишича, бино-иншоотлар негизида меҳмонхона ва қабуллар уйи фаолиятини йўлга қўйиш лозим. Яратилиши керак бўлган иш ўринлари ва инвестиция миқдори талабгорларнинг хоҳишига қараб белгиланади.
Ер участкасининг умумий майдони 2,99 гектар. Бинонинг майдони — 12 143 квадрат метр. Бинода газ, сув ва электр таъминоти мавжуд.
Аукционга қўйилган бинонинг бошланғич баҳоси — 66,5 млрд сўм. Аризалар 16 май 09:00 га қадар қабул қилинади. Савдолар худди шу куни 10:00 да бошланади.
Аввалроқ Қўйлиқдаги 5 хонали квартира 1,5 млрд сўмга аукционга қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)