Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Брюсселда Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел иштирокида ўтган Тоғли Қорабоғ, Боку ва Ереван ўртасидаги низони ҳал этиш юзасидан учрашувда томонлар икки давлат ташқи ишлар вазирларига тинчлик келишуви учун мулоқотга тайёрланиш топширилди. Бу ҳақда Арманистон ҳукуматининг Telegram-канали хабар қилган.

Фото: «ТАСС»

«Апрель охиригача Арманистон ва Озарбайжон чегараларини дипломатия йўли билан белгилаб олиш яъни делимитация қилиш, чегара ҳудудларида хавфсизлик, барқарорлик кафолатлари юзасидан икки томонлама комиссия тузилади», — дейилган хабарда.

Мишел Алиев ва Пашинян ўртасидаги учрашув самарадор ўтгани, унинг якунида аниқ, сермаҳсул натижалар кузатилганини ёзган. Келгусида тинчлик келишувини имзолаш бўйича олиб бориладиган асосий ишлар муҳокама қилиб олинди, дея мулоқотга шарҳ берган Еврокенгаш раҳбари.

Арманистон ва Озарбайжон 2 та ҳужжат юзасидан музокаралар олиб бормоқда: биринчиси март ўрталарида Боку билдирган таклифлар, иккинчиси эса Арманистоннинг уларга жавоби. Озарбайжон таклиф қилган лойиҳа бешта асосий банддан иборат:

  • Икки давлат ўртасида суверенитет, ҳудудий яхлитлик, халқаро чегаралар дахлсизлиги ва сиёсий мустақилликнинг тан олиниши.
  • Ҳудудлар бўйича давлатлар ўртасида бир-бирига нисбатан эътирозларнинг йўқлигини тасдиқлаш, келгусида бу каби шикоятлар бўлмаслиги учун юридик мажбурият юклаш.
  • Давлатлараро муносабатларда хавфсизликка таҳдид, сиёсий мустақиллик, ҳудудий яхлитликка нисбатан куч ишлатишдан тийилиш, шунингдек БМТ Низомидаги бошқа мажбуриятларга риоя қилинишини таъминлаш.
  • Давлат чегараларини ўрнатилган дипломатик муносабатлар доирасида делимитация ва демаркация қилиш.
  • Транспорт коммуникацияларини очиш, бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш.
Пашинян март охирида Ереваннинг Боку таклифларини рад этмаётгани, бироқ айрим жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлигини билдирган. Арманистон ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра Озарбайжон ташаббуслари кун тартибидаги барча масалаларни қамраб олмаган, Тоғли Қорабоғ ва у ерда яшовчи арманларнинг ҳуқуқлари ҳам Боку-Ереван муносабатларини ҳар томонлама тартибга солишда белгилаб олиниши керак. Пашинян Боку бу борадаги позициясида Тоғли Қорабоғ масаласи ҳал этилган деб ҳисоблашини қўшимча қилган.

Ереван ва Боку ўртасида 2020 йил сентябрь ойида Тоғли Қорабоғда ҳарбий низо кузатилган, томонлар Россия ўртада воситачилик қилганидан кейин ўша йили ноябрь ойида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳақида уч томонлама келишув имзолаган, тинчлик сулҳини тузиш, иқтисодиёт ва инфратузилмаларни тиклаш юзасидан қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишни келишиб олганди. Кейинчалик 2021 йил январида Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда иқтисодиёт, транспорт инфратузилмаси масалаларини ҳал этиш тўғрисида иккинчи битимни имзолаган.

Москва, Боку ва Ереван ўтган йили ноябрда Озарбайжон ҳамда Арманистон чегараларини демаркация, делимитация қилиш, икки давлат чегараларида хавфсизлик даражасини ошириш механизмларини яратишни муҳокама қилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар