Сурхондарё вилоятида «Kun.uz» сайти журналисти Аббос Салайдинов самосуд қилинган. У дорихона сотувчиси ва эгаси томонидан калтакланиб, босим ва таҳдидга учраган. Вилоят прокуратураси мазкур воқеага муносабат билдирди.
Аниқланишича, Термиз туманининг «Наврўз» маҳалласида яшовчи Аббос Салайдинов 2022 йилнинг 18 март куни Термиз шаҳридаги дорихонага бориб, дори харид қилган. Ва дорихона сотувчиси С.Р.дан харид қилинган дори учун чек талаб қилган. Сотувчи эса унга пластик карточкасидан пул ечиб олингани учун бошқа чек берилмаслигини айтган. Бунга жавобан Аббос Салайдинов солиқ органларига хабар беришини билдирган. Сотувчи С.Р. ва дорихона эгаси Ш.Н. эса харидор журналистни бу ҳаракати учун аввалига ҳақорат қилган. Сўнгра бир хонага қамаб қўйиб, бир соат давомида тазйиқ ва босим ўтказган. Яқинларига тажовуз қилиниши билан қўрқитган.Сайт журналисти ҳолат бўйича Термиз шаҳар ИИБга мурожаат қилгач, профилактика инспектори томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилган. Суд тиббиёт экспертизасининг 2022 йилнинг 24 мартдаги хулосасига кўра, журналистнинг олган тан жароҳати олти кун муддатдан ўтмайдиган, тез ўтиб кетувчи енгил тан жароҳати дея баҳоланган.
Мазкур воқеага муносабат билдирган вилоят прокуратураси Аббос Салайдиновнинг самосуд қилиниши маъмурий жавобгарлик билан ҳал қилинишини билдирган.
«Тўпланган ҳужжатлар, тарафлардан олинган тушунтириш хатлари ва экспертиза хулосасига кўра, бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани боис жиноят иши қўзғатишни рад этиб, С.Р ва Ш.Н. ларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат) ва 52-моддаси 2-қисми (қасддан енгил тан жароҳати етказиш) билан, А.С. га нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, материал 2022 йилнинг 31 март куни мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судига юборилган», — дейилади вилоят прокуратурасининг бу ҳақдаги расмий баёнотида.
Мавзуга доир:
- «Бу Президентимиз шахсан ўзлари кафолатлаётган сўз эркинлигига таҳдид». Шерзод Асадов «Qalampir.uz» журналисти билан боғлиқ воқеа юзасидан баёнот берди
- Журналистга Самарқандда ўлдириш билан таҳдид қилинди. Вилоят ИИБ ҳолат бўйича терговга қадар текширув бошлади
- «Бу каби ҳолатлар давлат сиёсатига зиддир». АОКА Қарши шаҳар ИИБ ходимлари «Дарё» мухбири фаолиятига тўсқинлик қилгани юзасидан расмий баёнот билан чиқди