Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида муборак Рамазон ойи арафасида янги масжид фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
2021 йил апрелида қурилиши бошланган «Камолхон эшон бува» масжиди туманнинг «Ёртепа» маҳалласида қад ростлади.
5 мингдан ортиқ одам яшайдиган ушбу маҳаллада олдинлари масжид бўлмаган, аҳоли намоз ўқиш учун қўшни қишлоқ ёки марказга боришга мажбур эди.
Кенг ва муҳташам масжид икки қаватдан иборат бўлиб, жами 3,5 минг нафар намозхонга мўлжалланган. Ташқарида ёзги айвон ҳам мавжуд.
Масжид номи «Ёртепа»да яшаб ўтган, насаби Баҳоуддин Нақшбандга бориб тақаладиган Саид Камолхон эшон бува шарафига қўйилган. Масжид атрофида бу авлиё зот ва у кишининг авлодлари дафн этилган зиёратгоҳ ҳам бор.
Саид Камолхон эшон буванинг набираси, 2021 йил декабрь ойида 95 ёшда вафот этган наманганлик машҳур уламо Муҳсинхон тўра Ҳасанов бу масжид қурилишига бош-қош бўлганди. Маҳаллий аҳоли ва ҳомийлар эса эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
«Камолхон эшон бува» жоме масжиди ишга тушганидан сўнг, Тўрақўрғон туманидаги масжидлар сони 12 тага, Наманган вилоятида эса 190 тага етди.