3 март куни Тошкентда «БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё малакатларининг минтақавий ҳамкорлиги» мавзусида халқаро анжуман бошланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Мазкур анжуманда ХХР, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Марказий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ҳамда бошқа минтақалар мамлакатларидан 600 нафарга яқин юқори мартабали шахс, миллий ва хорижий таҳлилий марказлар етакчи экспертлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари қатнашмоқда.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатини Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ўқиб эшиттирди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро конференция иштирокчиларига видеомурожаат йўллаб, анжуман ишига муваффақият тилаган.
3–4 март кунлари бўлиб ўтадиган нуфузли тадбирнинг якуний ҳужжати сифатида Тошкент декларацияси ва қўшма ҳаракатлар режасининг янги таҳрири қабул қилиниши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2 март куни БМТ бош котибининг ўринбосари – Контртеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронковни қабул қилганди. Учрашувда мамлакатнинг БМТ институт ва тузилмалари, шу жумладан Контртеррор бошқармаси билан амалий ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.