Европа комиссияси Украинага 1,2 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам кўрсатиш юзасидан таклифни маъқуллади. Бу ҳақда Украина Молия вазирлигига таяниб, «Интерфакс» хабар берган.
«600 миллион евро миқдоридаги биринчи транш келишувлар кучга кирган заҳоти ўтказиб берилади. Иккинчи худди шундай миқдордаги транш ўтказмаси жараёнга қараб, яъни Украина томонлар ўртасидаги келишувга мувофиқ қисқа муддатда кўрадиган чора-тадбирлар, тузилмавий ислоҳотларига боғлиқ ҳолда ажратилади», – дейилади Украина Молия вазирлиги маълумотида.
Вазирлик Еврокомиссиянинг қарори қўшимчасига ЕИ кенгаши ва Европарламент томонидан қўллаб-қувватланиши зарурлиги, шундан кейин Украина билан англашув меморандуми ҳамда имтиёзли ажратма маблағларини тақдим этиш бўйича кредит келишуви имзоланишини қайд этган.
Молия вазирлиги макромолиявий ёрдам Украинага геосиёсий ноаниқлик ҳамда унинг иқтисодий жараёнларга таъсири кучли бўлган айни шароитда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилаётганини билдирган.
2014 йилдан бери Европа иттифоқи Украинага макромолиявий ёрдамнинг бешта дастури доирасида 5 миллиард евродан кўпроқ маблағ ажратган. Бундан ташқари, Еврокомиссия яқин орада мамлакатдаги асосий ва узоқ келажакни кўзлаб амалга ошириладиган ислоҳотлар, жумладан, қонун устуворлигини таъминлаш, энергетикани ривожлантириш ҳамда коррупция қарши кураш учун кенг миқёсли макромолиявий ёрдам ажратиш бўйича ишни ташкил қилишни режалаштирган.
Аввал январь бошида АҚШ администрацияси Украинага қўшимча 200 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни 2021 йил декабрида маъқуллагани, 2022 йил 1 февралда эса АҚШдан яна 84 тонна ҳарбий ёрдам Украинага етказиб берилгани ҳақида хабар қилинган. Шунингдек, шу куни Украинада Олий Рада мажлиси чоғида турли фракциялардан бир қанча депутатлари АҚШ, Британия ва Канада байроқлари билан парламент минбарига чиқиб, Украинани қўллаб-қувватлагани учун мазкур мамлакатларга инглиз тилида миннатдорлик билдира бошлаган пайтда Олий Рада спикери улардан украин тилида гапиришни талаб қилган.
АҚШ 2021 йилда Украинага жами 650 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатган. Мамлакат 2014 йилдан буён АҚШдан умумий қиймати 2,7 миллиард долларга тенг ёрдам олган.