Давлат статистика қўмитаси маълумотларга кўра, UzAuto Motors 2021 йилда биргина Labo моделининг ишлаб чиқарилишини сезиларли даражада оширди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ишлаб чиқарилиши энг сезиларли даражада (57 фоизга) пасайиб кетган Spark бўлди. 2020 йили бу моделдаги жами 23 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йили бу кўрсаткич бор-йўғи 9,9 мингтани ташкил қилди.

Nexia ишлаб чиқарилиши икки баробарга, яъни 2020 йили 66,4 мингтадан 2021 йили 31,4 мингтага пасайди.

Cobalt ишлаб чиқарилиши 11 фоизга қисқартирилди – ўтган йили компания 71 мингта автомобиль ишлаб чиқарган бўлса, ундан бир йил аввал ушбу кўрсаткич 79,9 мингтани ташкил қилган эди.

Gentra ва Damas’нинг ишлаб чиқарилиши сезиларли бўлмаган – 2 ва 6,5 фоизни кўрсатди. Labo ишлаб чиқарилиши кучли даражада – 91,8 фоизга ўсган ягона модель бўлиб қолди.

Ишлаб чиқариш нима учун пасаймоқда?

Асосий сабаб – бутун жаҳонда бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган микросхемалар етишмовчилигида.

Чиплар таъминотидаги узилишлар сабаб бир қатор автокорхоналар фаолияти тўхтатилиб, натижада микропроцессорлар хариди 2020 йилнинг бошидаёқ максимал даражада қисқарган эди.

Етишмовчилик туфайли яримўтказгичларни сотиб олишда сезиларли даражадаги қатор навбатлар юзага келди. Ушбу навбатлар охирида GM, Ford, Fiat Chrysler, Volkswagen, Renault, Subaru, Nissan, Honda ва Mazda автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналар турарди.

Кўплаб йирик автокорхоналар миллиардлаб долларлик зиён кўрди. GM компанияси Америкадаги иккита фабрикасини ёпишга ҳам улгурди, Кореядаги ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартирди ва натижада тахмин қилинаётган даромад ҳажмини пасайтирди.

Танқислик қандай юзага келди?

Микросхемалар танқислиги қатор сабаблар оқибатида юзага келиб, улар орасида масофадан туриб ишлашнинг оммалашуви ҳамда компьютер ва ноутбукларга бўлган талабнинг ошиб кетиши натижасида микропроцессорларга бўлган талабнинг ортиб бориши катта аҳамиятга эга бўлди.

Шунга қарамай, ишлаб чиқаришнинг пасайишидан сўнг йилнинг иккинчи ярмида автосаноат кутилганидан ҳам тезроқ тиклана бошлади.

Бундан ташқари, автомобиллар учун фойдаланиладиган чиплар, айниқса, замонавий технологияларнинг такомиллашуви билан тобора кўпроқ талаб қилинаётган чиплар смартфонлар ва шунга ўхшаш бошқа гаджетлар учун қўлланиладиган чипларга қараганда анчайин мураккаб ва махсус ишлаб чиқарилади.

Уларни ишлаб чиқаришнинг ўта мураккаблашган жараёни, пандемия вақтида техникаларга бўлган юқори талаб даврига тўғри келди, охир-оқибатда эса, бутун ишлаб чиқариш ва яримўтказгичлар таъминоти занжирининг беқарорлигида акс этди.

Танқислик UzAuto Motors’га қандай таъсир ўтказади?

Дунёда жами олтита чип ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд бўлиб, уларнинг энг йириги ТSMS ва UМC Тайванда жойлашган. Ушбу чиплардан бошқа компаниялар эса микроконтроллерларни (МCU) ишлаб чиқаради.

UzAuto Motors ҳар бир автомобилда яримўтказгичларни қўлловчи 100—300 бутловчи қисмларни ҳисобга олади. Яримўтказгичлар спидометрларда, магнитолаларда, шунингдек, навигация тизимлари ва бошқаларда фойдаланилади.

Расм: UzAuto Motors

Continental Automotive, Renesas, Allegro, Bosch, Infineon, Murata JP, NSC, KEC CN, Swindon каби компаниялар UzAuto Motors’га микроконтроллерларни етказиб берувчи асосий таъминотчилардир.

Ҳар ҳафта GM автомобиль корхоналари яримўтказгичларни жаҳон миқёсида тақсимлаб чиқади. Жараён тўртта босқичга бўлинади – ишлаб чиқарувчидан тақсимловчи штабга, улардан таъминотчиларга, кейин эса автомобиль корхоналарига.

Масалан, Cobalt учун автомобиль қисмлари Мексикадан, Nexia, Lacetti, Spark учун Жанубий Кореядан ва ҳоказо.

67 та бутловчи қисмлар учун жами 38 та таъминотчи ҳисобга олинади.

Расм: UzAuto Motors

Бошқа ишлаб чиқарувчилар каби UzAuto Motors компанияси ҳам автомобилларни қисқартирилган бутловчи қисмларда ишлаб чиқаришни таклиф қилган ҳолда, оғир вазиятдан чиқиш йўлини изламоқда.

Мисол учун, яқинда компания Cobalt ва Lacetti моделларини вақтинча магнитоласиз ишлаб чиқариш ҳақида эълон қилган эди.

Уларни ишлаб чиқарувчи Жанубий Кореянинг Humax Automotive компанияси микрочиплар танқислигига дуч келиб, ишлаб чиқаришни номаълум муддатга тўхтатиб қўйди. Корхона UzAuto Motors учун GM томонидан сертификатланган ягона магнитола таъминотчиси ҳисобланади.

20 декабрдан 1 февралгача автокорхона Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобиллари таъминоти бўйича янги буюртмаларни қабул қилмайди. Ушбу давр мобайнида корхона навбатда турган буюртмалар бўйича машиналар ишлаб чиқаришга ўз эътиборини қаратади.

Аввалроқ UzAuto Motors Captiva 5 таъминоти бўйича шартнома имзоланишини тўхтатган эди. Мижозларнинг маълум қисми шартномаларни бошқа моделлар бўйича имзолаш таклифидан фойдаланган бўлса, уларнинг маълум қисмига пуллар қайтариб берилган эди.

Давом этиб келаётган микросхемалар танқислигидан ташқари, таъминотлар портлар ва темир йўллардаги логистик муаммолар туфайли қисқарган. Юк ортилган контейнерлар 6 ойгача муддатга кечикиб келмоқда.

Кейин нима бўлади?

2022 йил учун яримўтказгичлар соҳасидаги истиқболли вазифалар ҳақидаги Deloitte ҳисоботида айтилишича, чиплар танқислиги давом этади, аммо у ўтган йилги каби жиддий тус олмайди. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, танқислик йилнинг иккинчи ярмида камайиши кутилмоқда.

Бироқ ишлаб чиқариш ҳозирча қисқариб бормоқда, кўплаб янги корхоналар эса 2023 йилдагина фаолиятни бошлайди.

Deloitte’да таъкидланишича, иккинчи ярим йилликда вазият фақат баъзи соҳалар учун барқарорлашиши мумкин.

Қолган барча соҳаларда эса вазият 2023 йилга келиб, буюртманинг бажарилиш муддати узоқроқ бўлган таркибий қисмлар учун эса 2023 йилда яхшиланади.