Япония бош вазири Фумио Кисида Токио марказидаги ҳукумат бинолари мажмуасида жойлашган расмий қароргоҳига кўчишни якунлади. Бу ҳақда бош вазир канцеляриясига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
«Узоқ вақтдан бери биринчи марта кўчишдан кейин ўзимни тетик ҳис қиляпман. Ҳукумат ишларига эътибор қаратиш зарурлигини ҳисобга олиб, шундай қилиш тўғри бўлади, деб ўйладим», — деди Кисида.
У билан бирга тўнғич ўғли, бош вазир котиби бўлиб ишлаётган Сётаро ҳам қароргоҳда яшайди. Турмуш ўртоғининг кўчиб ўтиши ҳақида Кисида аниқ жавоб бермади ва рафиқаси тез-тез Токиодан она шаҳрига бориб туришини айтди. Бош вазирнинг таъкидлашича, у оиласи билан айнан қанча вақт ўтказа олишини билмайди.
Октябрь ойида бош вазир этиб тайинланганидан бери Кисида Акасака туманидаги канцеляриядан машинада уч дақиқалик масофада жойлашган парламент ётоқхонасида яшашни давом эттираётганди. Турар жой, ўз навбатида, бош офисга улашган бўлиб, бу ҳар қандай фавқулодда вазиятда, масалан, табиий офатда амалдор учун ўз вазифасига имкон қадар тезроқ киришиш имконини беради.
Токио марказидаги расмий қароргоҳдан фойдаланган сўнгги бош вазир Ёсихико Нода бўлган. У 2011 йилнинг октябрь ойида қароргоҳга кўчиб ўтган. 2012 йилда унинг ўрнини эгаллаган Синдзо Абэ эса қароргоҳга кўчмасдан Томигая туманидаги уйида рафиқаси ва онаси билан яшаган. Абе бу қарори учун тез-тез танқид остига олинган, чунки КХДР баллистик ракета учиргандан кейин унинг бош ҳукумат идорасига етиб бориши ҳар доим маълум вақт оларди. Фавқулодда вазиятлар юзага келганда, бош вазирни иш жойига 15 дақиқа ичида, хусусан мотоциклда етказиш учун ҳатто махсус усул ишлаб чиқилганди.
«Хосиятсиз» қароргоҳ ҳақида
Япония бош вазирининг расмий қароргоҳи ҳозирги кўринишида 1929 йилда қурилган. Бинонинг умумий майдони 7 минг квадрат метрни ташкил қилади, тўрт қаватдан иборат, улардан бири ер остида жойлашган, бино архитектурасида ар-деко ва экспрессионизм услубларидан фойдаланилган. 2003 йилда у қайта таъмирланган. Ичкарида хорижлик давлат раҳбарлари ва бошқа расмий шахслар учун яшаш хоналари, иш хонаси, овқатланиш хонаси ва қабулхоналар мавжуд.
Мазкур турар жой биноси ҳақида кўплаб миш-мишлар ва афсоналар юради. Улардан баъзилари арвоҳлар билан боғлиқ. 1994 йилда бош вазир бўлган Сутому Хатанинг рафиқаси ўз китобида уйда ғалати муҳит ва совуқлик ҳис қилганини, шунингдек, ҳовуз ёнида оқ шарпа кўрганини ёзган. Ёсиро Мори (2000—2001 йилда бош вазир бўлган), ўз навбатида, тунда эшик тутқичларининг шиқирлаши ҳақида гапирган. Ундан кейинги бош вазир Дзюнитиро Коидзуми Мори қароргоҳдаги арвоҳлардан эҳтиёт бўлишни маслаҳат берган.
Ўзга дунё кучлари ҳақидаги миш-мишларга қўшимча равишда, япониялик сиёсатчилар орасида расмий қароргоҳга кўчиб ўтиш муддатидан олдин истеъфога чиқишга сабаб бўлиши ҳақида қарашлар мавжуд. Тарихга назар ташланса, бу уйда яшаганлар нисбатан қисқа муддат – икки йилга яқин лавозимда қолган. Ясухиро Накасоне (1982—1987 йиллар) ва Дзюнитиро Коидзуми (2001—2006) бундан мустасно. Шу билан бирга, Коидзумидан кейин қароргоҳда яшаган олти нафар бош вазирлар, шу жумладан, Синдзо Абэ (биринчи муддат — 2006 йилдан 2007 йилгача) бу лавозимни атиги бир йил эгаллаб турган.
2012 йилда қайтадан сайланган бош вазир Абе иккинчи бор қароргоҳга кўчмаган, шахсий уйида яшашни танлаган. Охир-оқибат у ҳукумат тепасида узлуксиз қолиш бўйича рекорд ўрнатган — 2800 кундан ортиқ.