Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдони бошқа манзилга кўчирилишидан нозори бўлиб, йўлни тўсиб қўйган беш нафар шахсга чора кўрилди. Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати бу маълумотни «Дарё»га тасдиқлади.
Пойтахт ИИББ берган маълумотларга кўра, бозор бузилишига қарши намойишда иштирок этган беш нафар шахсга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ва 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш)га асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Уларга нисбатан 5 ва 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 7 декабрь куни Қўйлиқда йўл инфратузилмасини яхшилаш, коммуникация тармоқларини такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида ушбу ҳудудда йўл кенгайиши ва кўприк қурилиши ишлари режалаштирилгани ва шу сабабли Тошкентдаги энг йирик бозорлардан бири бошқа манзилга кўчирилиши хабар қилинганди.
9 декабрь куни эса бозор бузилишидан норози одамлар катта автойўлни тўсиб, жонли девор ҳосил қилгани акс этган видеолавҳа тарқалди. «Дарё» вазият юзасидан изоҳ олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматига мурожаат қилганди. Ҳокимлик матбуот хизмати сўровларга жавоб бермаган бўлса, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари вазият бўйича иш олиб борилаётганини, яқин вақт ичида расмий изоҳ берилишини маълум қилганди.
Кейинроқ «Қўйлиқ» бозори Қўйлиқдан 6,5 километр узоқликда, Тошкент вилоятида жойлашган Food City савдо мажмуасига кўчирилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Қайд этилишича, бозорини кўчириш тўғрисидаги қарор 2017 йилда қабул қилинган.