Наманган туманида 12 декабрь куни хонадонлардан бирида газ портлади. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар қилди.
Маълум қилинишича, шу куни соат 03:20 атрофида туманнинг «Ғайрат» маҳалласининг Беруний кўчасидаги 57-уйда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Ёнғин қутқарувчилари 03:24 да воқеа жойига етиб борган, 03:26 да ёнғин ҳудуди ўраб олинган.
Қайд этилишича, чақнашга хонадонга тортиб келинган газ трубаси жўмраги носозлиги сабабли сизиб чиққан табиий газ тўпланиши ва уй эгаси газ ҳидини сезмай, электр чироқни ёқиши сабаб бўлган.
Таъкидланишича, портлаш оқибатида хонадон эгаси, унинг турмуш ўртоғи, 3 нафар фарзанд (2 нафар қиз ва 1 нафар ўғил) куйиб, тан жароҳати олган. Бундан ташқари, уйнинг шифт ва том қисмидан 20 квадрат метр жой ҳамда қисман уй-рўзғор буюмлари ёниб зарарланган.
Вилоят ФВБ куз—қиш мавсумида хоналарни иситишда ностандарт, қўлда ясалган анжомлардан фойдаланмасликни тавсия қилган.
Аввалроқ Косонда 61 ёшли фуқаро, Чироқчида эса бир ёшли чақалоқ иситиш мосламаларидан келиб чиққан ёнғин оқибатида вафот этганди.