Ребрендинг чуқур маркетинг таҳлили ва банкнинг узоқ йиллик стратегияси асосида амалга оширилиб, керакли бренд жойлашувига эришиш ва мижозлар ишончини қозониш учун хизмат қилади.

Республикамизнинг йирик тижорат банкларидан бири бўлган «Агробанк» АТБ 2021 йил 4 декабрь куни ўз ребрендингини эълон қилди. Ребрендинг тақдимоти пойтахтимизнинг «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуасида ўтказилди.

Сўнгги 5 йилликда мамлакатимиз молия-банк тизимида улкан ўзгаришлар «Агробанк» фаолиятида ҳам янги даврни бошлаб берди. Бу даврда капиталлашув базаси кескин оширилди, маҳаллий ва хорижий ресурсларни жалб қилиш, иқтисодиёт тармоқларини фаол кредитлаш борасидаги имкониятлар кенгайди.

Республика банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясига асосан, «Агробанк» АТБ фаолиятини кичик ва ўрта бизнесни, қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан кредит орқали қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш ва кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтириш белгиланган.

Ушбу йўналишда трансформация жараёнларини тизимли амалга ошириш мақсадида, Осиё тараққиёт банки ҳамда KPMG компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, банкни ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилди.

Янги стратегиядан келиб чиқиб етакчи маркетологлар билан ҳамкорликда янги бренд ишлаб чиқилди. Унга кўра, «Агробанк» оддий инсонлар учун оддий банк сифатида ўз маркетинг коммуникациясини амалга оширади.

Ребрендинг доирасидаги маҳсулотлар Россия Федерациясининг Артемий Лебедев студияси ва маҳаллий дизайнерларнинг ўзаро ҳамкорлиги асосида ишлаб чиқилган.

Жумладан, янги логотип, нақш (паттерн) элементлари, филиалларда мижозларга хизмат кўрсатиш залининг янги кўриниши, банк сайти, мобил илова, қўшимча элементлар, ўзига хос шрифт яратилди.

Тақдим қилинаётган янги белги ва кўринишлар «Агробанк»нинг корпоратив яшил рангида ишланган ва ўзининг соддалиги билан ажралиб туради. Ташқи трансформация харажатларини минималлаштириш учун филиалларни янгилаш уч босқичда амалга оширилади ва режали косметик таъмирланади.

Шунингдек, тақдимот доирасида банкнинг икки йўналишида, яъни давлат дастурлари ижроси ва бизнес йўналишида яратилаётган экотизим элементлари намойиш қилинди.

Уларнинг ҳар бири рақамлаштириш, маркетплейс яратиш ва мижозларга онлайн хизмат кўрсатиш воситаларини кўпайтиришга қаратилган. Банк хизматлари негизида эса мижозлар ва уларнинг эҳтиёжлари туради.

Хусусан, банк экотизими таркибида қуйидаги йўналишлар мавжуд:

  • Chakana.uz онлайн савдо майдони — бу ерда смартфонлар, компьютерлар, офис ва маиший техниканинг кенг ассортименти таклиф этилади ва «Агробанк» мижозлари бир неча дақиқада маҳсулотларни кредитга олишлари мумкин;
  • Фермерлар мактаби — чорвачилик ва паррандачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик, молия ва ҳуқуқий саводхонлик йўналишлари бўйича назарий ва амалий билимларни берувчи ўқув лойиҳаси;
  • Agrobooks — қишлоқ хўжалиги йўналишида ўқув қўлланмалар жамланмаси;
  • Smart офис — мижозларга автоматлаштирилган ўз-ўзига хизмат кўрсатиш маркази;
  • AgroZamin — қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хизматларини сотиб олиш ва сотиш платформаси;
  • Agro Finance Leasing — юридик шахслар учун лизинг хизматларини кўрсатиш;
  • Leader Finance — брокерлик компанияси бўлиб, у қимматли қоғозлар бозорида барча турдаги хизматларни тақдим этади;
  • AgroLab — ўсимликларни ҳимоя қилиш биолабораторияси.

Маълумот учун

«Агробанк» республиканинг йирик тижорат банкларидан бири бўлиб, 170 та филиал, 146 та банк хизматлари марказлари, 498 та 24/7 кўринишидаги автоматлашган шохобчалар тармоғига эга.

Реклама ҳуқуқи асосида.