ERIELL гуруҳи томонидан Enter Engineering билан ҳамкорликда, пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги «Меҳрибонлик» ногиронларга ижтимоий кўмак бериш жамияти аъзолари учун хайрия акцияси ташкил этилди.

20 йилдан ортиқ вақт илгари, 3 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясида Халқаро ногиронлар куни таъсис этилган эди. Ушбу кун имконияти чекланган инсонларга ёрдам қўлини чўзиш учун яна бир имконият, шунингдек, ногиронлар муаммоларидан хабардорлик даражасини ошириш, барча учун очиқ бўлган инклюзив жамият афзалликларига эътибор қаратишнинг яна бир усули бўлди.

ERIELL ва Enter Engineering ўз фаолияти давомида муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш билан боғлиқ ишларга ҳеч қачон четдан қараб турмайди, уларга доимо муносиб жавоб қайтаради. Компаниялар «Меҳрибонлик» жамияти аъзоларига беғараз ёрдам кўрсатиб, уларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Жамият аъзоларининг соғлиги заиф, тегишинча уларнинг иқтисодий имкониятлари ҳам ногиронлиги йўқ инсонларга нисбатан камроқ. Бу кўпинча улар фойдаланиши мумкин бўлган хизматлар йўқлиги билан боғлиқ. Шу сабаб улар кундалик ҳаётда кўплаб тўсиқларга дуч келишига тўғри келади.

Яккасарой тумани Ижтимоий кўмак бериш жамиятида турли ногиронлик гуруҳларига эга 79 нафар киши рўйхатда туради. Узоқ йиллар давомида тўшакка михланиб қолиб, ташқи дунё билан қисман бўлса ҳам алоқа қилиш имкониятидан маҳрум бўлганлар ҳам бор. Уларнинг орасида меҳнат фронти фахрийлари, Чернобил АЭСдаги аварияни бартараф этиш чоғида жабр кўрганлар, шунингдек, туғма нуқсони бор болалар ва кам таъминланган оилалар ҳам бор.

ERIELL ва Enter Engineering компаниялари вакиллари Humo Arena муз саройига Яккасарой туманидаги «Меҳрибонлик» жамияти аъзоларини йиғиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламлари, кўрпа-тўшак, сочиқ ва бошқа зарур истеъмол товарларини тақдим этишди. Компаниялар ходимлари меҳмонлар билан суҳбатлашишди ва уларга ташриф учун миннатдорлик изҳор қилишди.

«Меҳрибонлик» ногиронларга ижтимоий кўмак бериш жамиятининг Яккасарой бўлими раҳбари Зулфия Ёқубова ташкилотнинг барча аъзолари номидан миннатдорлик изҳор қилди:

«Биринчи навбатда, Enter Engineering ва ERIELL компаниялари, уларнинг раҳбарлари ва ходимларига жамиятимиз аъзоларига кўрсатилган меҳр-шафқат, ёрдам ва эътибор учун чексиз миннатдорлик изҳор қилмоқчиман. Бизнинг ташкилотимиз 1992 йилда ташкил топган бўлиб, шу вақтдан бошлаб ногиронларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш билан шуғулланиб келмоқда. Уларнинг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаш, ўз вақтида сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, ишга жойлаштириш шулар жумласидан. Бир сўз билан айтганда, биз жисмоний имконияти чекланган инсонларни жамиятга интеграция қилиш билан шуғулланамиз. Бугунги хайрия акцияси ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан жуда катта ёрдам бўлди. Бундай тадбирлар қалбимизда нафақат ташкилотчиларга миннатдорчилик ҳисси, балки эртанги кунга ишонч туйғуларини ҳам уйғотади. Фаол равишда хайрия фаолияти билан шуғулланувчи ERIELL ва Enter Engineering сингари компаниялар туфайли биз ёлғиз эмаслигимиз, жамият ва ҳамюртларимизга кераклигимизга ишонч ҳосил қиламиз».

«Жамиятнинг барча аъзолари номидан ёрдамингиз учун улкан миннатдорлик изҳор қиламан. Имконияти чекланганларнинг аксарияти кўпчилик фойдаланадиган оддий неъматлардан ҳам бебаҳра. Шунинг учун бугунги кун биз учун ҳақиқий байрам бўлди. Бундай вазиятларда биз ёлғиз эмаслигимиз ва ERIELL ҳамда Enter Engineering’га доимо суянишимиз мумкинлигига ишонч ҳосил қиламиз», — деди жамият аъзоларидан бири Светлана Саидзаде Саади.

Шу куни ERIELL ва Enter Engineering ходимлари жамиятнинг ногиронлиги сабаб тўшакка михланиб қолган аъзоларининг ҳолидан хабар олди. Уларга ҳам совғалар тақдим этилди.

Эзгу ишларни амалга ошириш жуда осон. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш орқали биз инсон ўзи ғами ичида ёлғиз қолиб кетмаганини намойиш қиламиз. Зеро, ҳар биримиз атрофимиздагилар ҳаётини озгина бўлса ҳам бахтлироқ қилишга ҳисса қўшишга қодирмиз.

Реклама ҳуқуқи асосида.