2 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Йиғилишда сенаторлар томонидан Андижон вилояти сектор раҳбарларининг ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш борасидаги вазифалари аниқ белгиланган бўлса-да, вилоятдаги ўрганиш давомида бир қатор камчиликларга йўл қўйилгани танқид қилинган.

Жумладан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида ишлаб чиқилган «Yoshlardaftari.uz» ягона электрон платформасига киритилган 735 нафар ёшлар асоссиз равишда чиқариб юборилиш ҳолатлари аниқланган.

«Ёшлар дафтари»га киритилганлардан 23 479 нафарига туман ҳокимларининг фармойишлари асосида ер майдонлари ажратилиб, бандлиги таъминлангани ва дафтардан чиқарилгани ўрганилганда, улардан 44 нафар ёшлар ер майдонларини олмагани, ҳаттоки бундан хабардор эмаслиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 250-сонли қарори билан тасдиқланган вақтинчалик тартибга мувофиқ, секторлар раҳбарлари электрон анкета сўровномалари маълумотлари асосида «ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган «йўл харитаси» лойиҳасини ишлаб чиқиши ва халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига тасдиқлаш учун киритиши белгиланган. Бироқ Олтинкўл, Андижон, Балиқчи, Избоскан ва Хўжаобод туманларининг барча сектор раҳбарлари томонидан ўрганилган ёшлар муаммоларини бартараф этишга қаратилган «йўл хариталари» лойиҳалари ишлаб чиқилмаган ва халқ депутатлари туман Кенгашига тақдим этилмаган.

Андижон шаҳар, Избоскан, Хўжаобод ва Андижон туманларида сектор раҳбари ва аризачи ўртасида бир марталик моддий ёрдам бериш, уни олган ёш билан ишга кириш, касб ўрганиш, ўзини-ўзи банд қилиш каби мажбуриятларни олишини назарда тутувчи икки томонлама ижтимоий шартнома тузилмасдан моддий ёрдамлар мақсадсиз ажратилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги 132-сон қарорига асосан вилоятлар ва туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетларида шаклланган қўшимча манбаларнинг камида 15 фоизи миқдори ҳар чоракда «ёшлар дафтари» жамғармасига ўтказилиши белгиланган бўлсада, вилоятнинг Андижон шаҳри, Хўжаобод ва Избоскан туманларида бунга амал қилинмаган.

Шахсга бир марталик моддий ёрдам берилиши уни «ёшлар дафтари»дан чиқаришга асос бўлмаслиги белгиланганига қарамай Андижон шаҳрида Ёшлар жамғармаси томонидан бир марталик ёрдам берилган жами 790 нафар ёшлардан 303 нафари «ёшлар дафтари»дан асоссиз равишда чиқариб юборилган.

Шу билан бирга, 2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича дастурда белгиланган режа бажарилганлиги қайд этилган бўлса-да, Солиқ инспекцияси базасидаги маълумотлар билан таққосланганда айрим иш ўринлари ўз тасдиғини топмагани сенаторлар томонидан кўрсатилган.

Туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари билан захирага олинган иш ўринларига аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш ишлари суст олиб борилган. Яъни захира (квота)ланган иш ўринларидан фойдаланиш даражаси вилоятда 64,2 фоизни ташкил этганлиги боис, бугунги кунда 3 651 та захира иш ўринлари фойдаланмасдан қолган.

Йиғилишда ушбу йўналишда учраётган тизимли хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида прокуратура органлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлигига Комиссия аъзолари томонидан тавсиялар берилиб, тегишли топшириқлар акс эттирилган қарор қабул қилинган.

Аввалроқ Қашқадарёда «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган 2 мингга яқин фуқарога кредит берилгани ёлғон бўлиб чиққан эди. Кейинроқ Ёшлар ишлари агентлиги  мазкур ҳолатлар ҳақиқатан ҳам юзага келганини тасдиқлаб, вазиятнинг юзага келишида агентлик масъуллари эмас, жойлардаги сектор раҳбарлари ҳамда сектор котибларининг айби борлигини таъкидлаган эди.