Пандемия даврида Россия ҳудудида қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини ватанга олиб келиш мақсадида йўловчи поездининг махсус рейслари йўлга қўйилади, деб хабар бермоқда «Ўзтемир йўлйўловчи» АЖ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, Волжский—Тошкент йўналишида 483-сонли йўловчи поездининг 5 та махсус рейси йўлга қўйилади. Мазкур поездлар 2021 йил 15-, 19-, 22-, 26-, 29 ноябрь кунлари соат 20:57 да Волжский—Тошкент йўналишида ҳаракатини амалга оширади.
Мазкур поездларга фақат бир томонга, яъни Волжский—Тошкент йўналишига чипталар сотилади. Чипталарни электрон тарзда ҳам сотиш йўлга қўйилган.
Россиядаги фуқароларнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси билан «Ўзбекистон темир йўллари» сайти орқали «E-ticket.railway.uz»дан чипталарни электрон тарзда харид қилиб олиб, жўнатишлари ҳам мумкин.
Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳрида 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олиш мумкин.
Бундан аввал Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларни қайтариш учун 22-, 25-, 29 октябрь ҳамда 1 ноябрь кунлари 4 та махсус поезд рейси йўлга қўйилганди.