Ўзбекистонда 2022 йилда ялпи ички маҳсулот 840 триллион сўмни (74,2 миллиард доллар) ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда 2022 йил учун давлат бюджети юзасидан Ҳисоб палатаси хулосасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2022 йилда ЯИМ ҳажми қарийб 840 триллион сўмни (74,2 миллиард доллар) ташкил этиши режалаштирилган. Аҳоли жон бошига ЯИМ 23,8 миллион сўм (2,1 минг доллар) миқдорида шаклланиши кўзда тутилган.
2022 йилда ЯИМ таркибида қўшилган қиймат 92,6 фоиз ҳамда маҳсулотлар ва экспорт-импорт операциялари ҳисобидан олинган соф солиқлар тушуми 7,4 фоиз ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулот ҳажмининг таркибида қўшилган қиймат миқдори 778 триллион 153 миллиард 600 миллион сўмни (ЯИМнинг 92,6 фоизи) ҳамда маҳсулотлар ва экспорт-импорт операциялари ҳисобидан олинган соф солиқлар тушуми 61 триллион 865 миллиард 900 миллион сўмни (7,4 фоиз) ташкил этмоқда.
Тармоқлар кесимида қўшилган қийматнинг энг катта улуши (35,8 фоиз) хизматлар кўрсатиш соҳасига тўғри келиб, ушбу тармоқ бўйича яратилган қўшилган қиймат ҳажми 300 триллион 351 миллиард сўмни ташкил этиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, ушбу кўрсаткич саноат бўйича 217 триллион 683 миллиард 500 миллион сўм (25,9 фоиз), қурилиш бўйича 52 триллион 516 миллиард 300 миллион сўм (6,3 фоиз) ва қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги бўйича 207 триллион 602 миллиард 8 миллион сўм (24,7 фоиз) миқдорида бўлиши кутилмоқда.
Кутилаётган реал ўсиш миқдори қурилиш бўйича 8,1 фоизни, саноат бўйича 7,0 фоизни, хизматлар бўйича 6,5 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги бўйича 3,1 фоизни ҳамда маҳсулотлар ва экспорт-импорт операциялари ҳисобидан олинган соф солиқлар 7,4 фоизни ташкил этмоқда.
Мавзуга доир: Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши борасидаги прогнозларини оширди
2022 йилда инфляция даражаси 9,0 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинган бўлса, 2023 йилда 5,2 фоиз, 2024 йилда 5,0 фоиз миқдорида мўлжал олинган.
Республика бўйича истеъмол нархлари индекси 2020 йил якуни бўйича 11,1 фоиз миқдорида қайд этилган бўлиб, 2021 йилда 10 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, 2021 йилнинг 9 ойлик якунлари билан республикада ЯИМ 6,9 фоизга ўсганди.