Шавкат Мирзиёев пойтахт сайловчилари билан учрашувда Тошкент ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрлардан 2 баробар кўплигини маълум қилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Президент кўп қаватли уйлар орасида қурилишни чеклаш ва қурилиш майдонларида чангни бостирувчи замонавий усуллар ва технологияларни жорий қилиш зарурияти ҳақида ҳам гапирди.

«Тошкент шаҳрида мавжуд кўп қаватли уй-жойлар орасидаги бўш ерларда ҳар қандай қурилишлар қилишга чек қўйилади.

Кўп қаватли уй-жойларга туташ ҳудудлар фақатгина ушбу уй мулкдорларига доимий фойдаланиш учун бириктирилади.

Умуман, келгуси беш йилда пойтахт аҳолиси учун 100 минг хонадонли кўп қаватли, энергия тежамкор уйлар қурилади.

Уй-жойга муҳтож оилалар учун 14 триллион сўмдан ортиқ ипотека кредитлари ажратилиб, дастлабки бадал ва фоиз тўловларини қоплаш учун 5 минг нафар оилага субсидия берилади. Уларнинг хоҳишига қараб, иккиламчи бозордан уйларни сотиб олишларига ҳам рухсат берилади.

Бир масалага эътибор беринг, Тошкентда ҳавода чанг миқдори белгиланган меъёрлардан 2 баробар кўп. Шу боис қурилиш майдонларида чангни бостирувчи замонавий усуллар ва технологиялар кенг жорий қилиниши шарт ва зарур бўлади», – дейди Шавкат Мирзиёев.