Tesla компанияси Европадаги биринчи «Гигафабрика»си — Берлин жануби-шарқидаги Грюнхайд туманида жойлашган заводнинг очилишини тантанали тарзда нишонлади. Тадбирда 9 минг киши иштирок этган бўлиб, диджейлар таклиф этилган ва болалар ҳамда катталар учун турли тадбирлар уюштирилган. Компания раҳбари Илон Маск немис тилида табрик нутқини сўзлаган ва келажакда корхона ҳудудида вокзал ҳамда пиво заводи қурилишига ваъда берган, деб ёзади Motor.

Фото: Twitter

Берлинда коронавирус пандемияси сабаб оммавий тадбирларни ўтказишга чеклов ўрнатилган — бир жойда тўпланадиган одамлар сони 5 минг кишидан ошмаслиги керак. Бироқ Маск маҳаллий ҳукуматдан ўз тадбирига таклиф этиладиган меҳмонлар сонини қарийб икки баробарга оширишга рухсат олган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат ва видеоларга, шунингдек, тадбир иштирокчиларш томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Tesla 9 минг кишини тўплашга муваффақ бўлган.

Ташриф буюрувчилар учун завод бўйлаб экскурсия уюштирилган бўлиб, у ерда электрокар ишлаб чиқарувчи роботлар синхрон рақсга тушишга дастурлаштирилган, айримлари эса турли картиналарни чизган. Корхона ҳудудига диджейлар туни билан концерт уюштириши учун улкан чархпарак ва саҳна ўрнатилган, ҳаво шарларидан ясалган улкан роботлар оммани қиздирган.

Фото: Tesla

Маскнинг сўзларига кўра, заводда 12 мингга яқин одам ишлайди, ишлаб чиқариш ҳажми йилига 500 минг электромобилни ташкил этади. Янги «Гигафабрика» конвееридан биринчи машиналар кейинги олти ҳафтадан бошлаб чиқади.

Фото: Twitter

Фото: Twitter

Европадаги «Гигафакрика»ни қуриш ишлари 2019 йилда бошланган ва қатор муаммоларга дуч келган. Қурилиш майдонида ишлар турли сабабларга кўра бир неча бор тўхтаб қолган — масалан, ҳудудда топилган Иккинчи жаҳон урушига оид жанговар ўқ-дорилар, кейинроқ — калтакесак ва илонлар популяциясига зарар етказилиши хавфи сабаб. 2021 йилнинг майида радикал фаоллар корхонадаги юқори волтли кабелларни ёқиб юборган.