Сентябр ойида «Olx.uz» эълонлар сайтида бир қатор ретро автомобиллар сотилиши ҳақида эълонлар пайдо бўлди. Унда, жумладан, 1964 йилда ишлаб чиқарилган ГАЗ-69 йўлтанламаси 15 минг долларга, 1962 йилда ишлаб чиқарилган «Москвич-407» машинаси 20 минг долларга, 1949—1953 йиллар оралиғида ишлаб чиқарилган ГАЗ М20 «Победа» кабриолети эса 90 минг долларга сотувга қўйилганини кўриш мумкин.

1961 йилда ишлаб чиқарилган ГАЗ-69 йўлтанламаси (тиркамаси билан бирга) 12 минг долларга, 1949—1953 йил оралиғида ишлаб чиқарилган ГАЗ М20 «Победа» кабриолети 90 минг долларга, 1964 йилда ишлаб чиқарилган ГАЗ-69 йўлтанламаси 15 минг долларга, 1962 йилда ишлаб чиқарилган «Москвич-407» седани 20 минг долларга сотувга қўйилган.

«Olx.uz» сайтидан олинган скриншот

1958 йилда ишлаб чиқарилган ГАЗ-21 «Волга» седани 20 минг долларга, 1954 йилда ишлаб чиқарилган ГАЗ-12 «ЗИМ» лимузини 40 минг долларга, 1954 йилда ишлаб чиқарилган ГАЗ М20 «Победа» автомобили 25 минг долларга, 1951 йилда ишлаб чиқарилган ГАЗ-67 йўлтанламаси 20 минг долларга сотувга қўйилган.

«Olx.uz» сайтидан олинган скриншот

Ретро автомобиллар сотилиши ҳақидаги туркум эълонлар сони жами саккизта бўлиб, эътиборга молик томони, уларнинг бари Тошкент политехника музейида олинган. «Дарё» мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида музейда бўлди ва муассасанинг маркетинг ва туризм бўлими бошлиғи Алишер Садуллаев билан мулоқот қилди. Қайд этиш жоиз, эълонлар «Olx.uz»га айнан исми-шарифи Алишер Садуллаев бўлган шахс томонидан жойлаштирилган.

Алишер Садуллаевнинг сўзларига кўра, Тошкент политехника музейида намойишга қўйилган автомобилларнинг 8 таси ҳақиқатан ҳам сотувга қўйилган.

90 минг долларлик «Победа» кабриолети.

Фото: «Olx.uz»

«Биз музей экспонатларини кенгайтириш ва шу орқали ташриф буюрувчилар сонини ошириш мақсадида ретро машиналарнинг эгаларидан ўз автомобилларини музейга кўргазма учун жойлаштириш таклифи билан чиққанмиз. Сотувга қўйилган ноёб машиналар ҳам музей фондига тегишли эмас — шахсий коллекционердан вақтинча, кўргазма учун олинган машиналардир», — дея маълум қилди Садуллаев.

Унинг таъкидлашича, бу ишдан кўзланган асосий мақсад — автомобиль ихлосмандларини музейга кўпроқ жалб қилишдир. «Бу икки томонга ҳам наф келтиради. Биринчидан, бизнинг экспонатларимиз сафи кенгаяди, иккинчидан, коллекционерлар ўз машиналарини кенг жамоатчиликка намойиш этиб, шу орқали уларни сотиш имкониятига эга бўлади», — дейди музей вакили.

Садуллаевнинг қўшимча қилишича, томонларнинг ўзаро келишувига кўра автомашиналарнинг музейда турган вақти учун ҳеч қандай ҳақ тўланмайди, аммо, мабодо шахсий коллекционерга тегишли ушбу ретроавтомобиллардан бирортаси сотилса, сотувдан тушган маблағнинг 10 фоизгача бўлган миқдори ҳомийлик асосида музей ҳисобига ўтказиб берилиши кўзда тутилган.

Мулоқот давомида машиналари сотувга қўйилган коллекционерларнинг шахси ошкор этилмади.

«Дарё» мухбири вазиятни ўрганиш мақсадида музейда бўлган куни хусусий коллекционер ҳисобидан намойишга қўйилган ретро автомобиллардан бири тўй хизмати учун олиб кетилгани маълум бўлди — музей вакиллари ушбу машиналардан маросимларда фойдаланиш мумкинлигини тасдиқлади ва бу хизмат ҳақи «кўчадаги нарх-наводан паст экани» таъкидлади.

Тошкент политехника музейи 2015 йил ноябрь ойида ишга тушган бўлиб, у «Жаҳон автомобилсозлик тарихи», «Ўзбекистон автомобиль соҳаси тарихи» ва «Интерактив амалиёт» бўлимларидан иборат. Жаҳон автомобилсозлиги тарихига бағишланган бўлимда ХХ асрнинг ўрталарида ишлаб чиқарилган Volkswagen «Қўнғиз», BMW, совет автомобилларининг ҳақиқий намуналари билан танишиш мумкин. Ўзбек автомобилсозлиги тарихига бағишланган бўлимда эса Андижондаги автозавод ва Самарқанддаги автобус заводи конвеерларидан чиққан дастлабки автомобиллар намойишга қўйилган.

Тошкент политехника музейининг «Жаҳон автомобилсозлик тарихи» бўлимидаги айрим экспонатлар

Тошкент политехника музейидаги Форд Модель Т автомобили. Бу жаҳондаги миллионлаб серияда ишлаб чиқарилган дастлабки модель ҳисобланади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Германияда 1935—1937 йилларда ишлаб чиқарилган Opel П4 енгил автомобили.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Германияда 1937—1938 йилларда ишлаб чиқарилган Opel Супер 6 лимузини.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

ГАЗ-12 «Зим» лимузини.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Шарқий Германияда 1949—1955 йилларда (дастлаб, 1951 йилга қадар BMW 340 номи билан) ишлаб чиқарилган ЭМW 340 автомобили.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Москвич-407» ва «Победа» автомобиллари.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Москвич-400» ва Volkswagen «Қўнғиз».

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

ЗАЗ-965 «Запорожец» автомобили.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Муаллиф:Мусулмонбек Иброҳимов