Дунё ва ўзбек спортига оид 23 сентябрь кунининг энг муҳим хабарлари дайжести билан танишинг.

Ўзбекистон

Гандбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди

Фото: Instagram

Иорданияда бўлиб ўтаётган Осиё чемпионатида ўзбекистонликлар гуруҳда 4-ўринни қўлга киритганди. Кучли олтиликка кириш учун кечган баҳсда Ўзбекистон мезбонларга қарши баҳс олиб борди ва 34:26 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Энди гандболчилар 5-ўрин учун Гонконгга қарши баҳс олиб боради.

Шу тариқа Ўзбекистон гандбол терма жамоаси 2021 йилнинг декабрь ойида Испанияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Бу гандбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси учун тарихдаги иккинчи мундиал бўлади. Илк бор ўзбекистонликлар 1997 йил Германияда бўлиб ўтган ЖЧда иштирок этганди.

Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Осиё Кубоги саралашидан ўта олмади

Фото: ЎФА

Тошкент мезбонлик қилган Осиё Кубоги саралаш баҳслари 3-турида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши баҳс олиб борди. Унда меҳмонлар 4:0 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Шу тариқа Ўзбекистон аёллар терма жамоаси қаторасига олтинчи марта Осиё Кубоги финал босқичига чиқа олмади.

Заррух Адашев UFC’даги тўртинчи жангини ўтказади

Коллаж: Getty Images

Ўзбекистонлик яккакурашчига бу сафар бразилиялик Клейдсон Родригес (7-1) рақиб бўлади. Жанг 15 январь кунги UFC оқшомида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Адашев ўзининг Instagram саҳифаси орқали маълум қилди.

Бу Клейдсон учун UFC’даги дебют жанг ҳисобланади, 25 ёшли яккакурашчи профессионал MMA’да қаторасига 6 жангдан бери ғалаба қозониб келмоқда. Адашев UFC’даги кетма-кет икки мағлубиятдан кейин август ойида Райан Бенуани мағлуб этганди.

Ўзбекистонда янги спорт ташкилоти – Функционал кўпкураш федерацияси ташкил этилди

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

Адлия вазирлиги Ўзбекистон Функционал кўпкураш федерациясини жамоатчилик ташкилоти сифатида давлат рўйхатидан ўтказди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Миллий гвардия қўмондони ўринбосари Маъмуржон Ғаниев янги ташкил этилган федерацияга президент этиб тайинланди.

Жаҳон

Англия Лига Кубоги 1/8 финалига қуръа ташланди

Англия майдонларида 21 ва 22 сентябрь кунлари Лига Кубогининг 3-босқич баҳслари ўтказилди ва нимчорак финалга йўл олган барча жамоа номи маълум бўлди. Эътиборлиси, «Манчестер Юнайтед» ўз уйида «Вест Ҳэм»га енгилиб, мусобақа билан хайрлашди. Бу манкунианлар учун «Олд Траффорд»да «Вест Ҳэм»дан учралган 2007 йилдан кейинги илк мағлубият бўлди.

1/8 финал баҳслари 26 ва 27 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Қуръа натижалари билан танишинг:

  • «Челси» — «Саутҳэмптон»
  • «Вест Ҳэм» — «Манчестер Сити»
  • «Престон» — «Ливерпуль»
  • «Бёрнли» — «Тоттенҳэм»
  • «Арсенал» — «Лидс»
  • «Сток Сити» — «Брентфорд»
  • «Лестер» — «Брайтон»
  • «КPR» — «Сандерленд»

«Барселона» янги мураббий қидиришда давом этмоқда

Каталон клубининг натижалари ёмонлашгани сари мураббийлар штаби борасидаги миш-мишлар кўпайиб бормоқда. Номзодлар қаторида Бельгия терма жамоаси устози Роберто Мартинес, Хави («Ас-Садд») ва Тьерри Анри каби мутахассислар номини ҳам учратиш мумкин.

Diario Sport’нинг хабар қилишича, «Барселона» агар Мартинес билан келишувга эриша олса, мутахассиснинг шартномасида кўрсатилган 1,8 миллион евролик компенсацияни тўлашга тайёр. Mundo Deportivo’га кўра, «Барса» жамоа бошқарувига собиқ футболчиларидан бирини олиб келмоқчи ва айни вақтда Анри вариантини кўриб чиқяпти.

Роналду ўзининг 300 минг евролик янги машинасида кўриниш берди

Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед»нинг навбатдаги машғулотига ўзининг янги Bentley Flying Spur автомобилида ташриф буюрди, дея хабар қилмоқда The Sun. Ушбу автомобиль нархи 300 минг еврони ташкил қилади.

Фото: The Sun