22 сентябрь — Бутунжаҳон каркидонлар куни. Шу муносабат билан Ҳиндистоннинг Ассам штати расмийлари 2479 та каркидон шохини ёқиб юборди. Бундан мақсад шохларда доривор хусусият йўқлигини намойиш қилиш бўлган, деб ёзади Hindustan Times.

Фото: AFP

Шохлар 1979 йилдан буён қўриқхоналар ва миллий боғлардаги браконьерлардан мусодара қилиб келинган, шунингдек, нобуд бўлган каркидонлардан кесиб олинган. Ўша вақтдан бери ҳукумат ихтиёрида каркидон шохларининг энг катта захираси тўпланиб қолганди. Шу билан бирга, шохларнинг 50 таси судда кўриб чиқилаётган ишлар туфайли омборда қолдирилган, 94 таси эса таълим мақсадларида сақланиб қолмоқда.

«Бу воқеа орқали биз бутун дунёга каркидон шохлари фақат зич толалар массаси эканини ва улар ҳеч қандай доривор аҳамиятга эга эмаслигини етказмоқчимиз. Биз одамларни хурофот ёки афсона туфайли бу ноёб ҳайвонларни ўлдирмасликка, уларнинг шохларини сотиб олмасликка ундамоқчимиз. Каркидонларнинг табиий яшаши ва ривожланишига имкон беришимиз керак.

Баъзиларнинг айтишича, шохларни йўқ қилиш ўрнига уларни сотишимиз керак эди. Аммо биз қўлга олинган гиёҳванд моддаларни сота олмаганимиздек, каркидон шохларини сотишдан ҳам пул ишлай олмаймиз», — деди Ассам бош вазири Ҳиманта Бисва Сарма.

Ассамда дунёдаги энг йирик бир шохли каркидонлар яшайди. 2018 йилги ҳайвонларни рўйхатга олиш якунларига кўра, штатда 2650 га яқин каркидон бор, улардан 2400 га яқини Казиранга миллий боғида тўпланган.

Ушбу ҳайвонларнинг шохлари Осиё мамлакатларининг анъанавий тиббиётида, жумладан, қувватдори ҳисобланади. Уларнинг нархи минг доллардан ошади, бу эса каркидонларни оммавий ўлдиришга олиб келмоқда.