Бухорода ўзга бир фуқаронинг аризасини кўриб чиқмаслик эвазига профилактика инспекторига пора бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси хабар берди.

Таъкидланишича, Шофиркон туманидаги «Чандир» маҳалласида яшовчи 52 ёшли Б.Б. таниши Ш.К.билан ўзаро келишмовчиликка борган. Таниши ушбу келишмовчилик юзасидан Когон туман Ички ишлар бўлими профилактика инспекторига ёзма равишда мурожаат қилган.

Орада низо бўлгани учун айб ўзидалигини билган ва қарама-қарши томон аризаси кўрилишидан хавотирланган Б.Б. профилактика инспектори орқали аризанинг олдини олишга уринган. Профилактика инспектори эса ҳолат юзасидан ҳужжат қонуний ўрганиб чиқилишини, ариза эътибордан четда қолмаслигини қайта-қайта таъкидлаган. Шунга қарамасдан фуқаро пора таклиф қилишда давом этган.

2021 йилнинг 10 сентябрь куни тахминан соат 14:30 да фуқаро Б.Б. Когон тумани Ички ишлар бўлими профилактика инспекторига 100 доллар пора бераётган вақтида вилоят ИИБ шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ҳамда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.