Бухоро вилоятининг Ромитан туманида ҳамкорлик шартномаси талабларини бузиб келган Корея Республикасининг Hankook Agricultural Materials Co. корхонасидан «Транс восита» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 66,5 минг доллар миқдоридаги қарздорлик ундирилди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Илҳом Турсунов маълум қилди.

Таъкидланишча, Корея Hankook Agricultural Materials Co корхонаси «Транс восита» МЧЖ фойдасига ундирилиши лозим бўлган 15 минг доллар ҳамда 5,9 миллион сўм давлат божини тўлашдан бўйин товлаб келган. Шунингдек, Бухоро вилоят судининг 2021 йил 20 апрелдаги ижро ҳужжатига асосан, хориж корхонасидан жамият фойдасига яна 44 минг доллар миқдорида жарима ҳамда 13,6 миллион сўм давлат божи ундириш белгиланган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида, ходимларнинг тезкорлиги ва олиб борилган тадбирлар натижасида Hankook Agricultural Materials Co корхонаси раҳбарининг Тошкент вилоятида яшириниб юргани аниқланган. Унга тегишли бўлган 2,68 га ер майдонига қуриш учун мўлжалланган жами 17 та контейнерларда иссиқхона ускунаси ва анжомлари мавжудлиги ойдинлашган. Хориж корхонасидан ундирувчига тегишли бўлган барча ускуналарнинг рўйхатга олиниши таъминланган ва 5 та контейнердаги ускуналар Бухоро шаҳридаги сақлаш омборхонасига олиб келиб жойлаштирилган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Hankook Agricultural Materials Co корхонасидан «Транс восита» МЧЖга 66 минг 524 доллар ундирилиши таъминланган. Мол-мулклар эгасига қайтарилган ҳамда ижро ҳужжати амалда тамомланган.